Ўзбек блогерлари. Хушнудбек Худойбердиев
Хушнудбек блогер сифатида икки хил таассурот қолдиради. Рақамлар, сўровлар, рейтинг кўрсаткичларига қарасанг, унга етадигани йўқдек.
Бошқа томондан, унинг уч шахсий саҳифаси
- xushnudbek.blogspot.com,
- xushnudbek.uz
- телеграм канали (t.me/xushnudbek)даги ҳар бир постни диққат билан ўқиб чиқсангиз ҳам ҳуқуқшунос-блогернинг яхлит қиёфасини шакллантиролмайсиз.
Блогернинг туғилиши
Хушнудбек, ўзи ёзган пост ва ўзбек википедиясидаги маълумотларга қараганда, блогинг оламига 2012 йили кириб келган.
Фақир ва нотавон ўзбек интернетининг ўйинлару форумлардан иборат жин кўчаларидаги дарбадарлик 2011-2012 йилларга келиб блогпостдаги шахсий саҳифа шаклида бўй кўрсатди.
Хушнудбекка Санжар Ризаев ва Ҳамза Фозилжонов туртки беришган (аммо Санжар Ризаевнинг “Сиз блог очинг бир” тарихий луқмаси ҳозир интернетда мавжуд эмас (кешма кеш изғигим келмади).
Блогер фаолиятида "Дарё.уз" сайти асосчиси, "Замбаракнинг ўқи" телеграм канали муаллифи Фарҳод Файзуллаевнинг ҳам хизмати катта бўлган.
Ёш ўзбек блогери Фарҳод Файзуллаев ва унинг жамоасидан бепул
- хостинг;
- дизайн;
- техник кўмак олиб, тўлақонли шахсий сайт соҳибига айланган.
Саккиз йилда Хушнудбек ҳуқуқшунос ва блогер сифатида тилга тушди. Бу муваффақият асосида нафақат қалами, балки бошқа омиллар ҳам ётибди. Айримларига тўхталамиз.
Биринчи омил: телевидение - Ватаним маним
Ўзбек блогистонида яхши ижодкорлар, кам бўлсада, бор.
Лекин уларнинг телеграмдаги мухлислари сони Хушнудбекникидан анча кам. Боиси, аксарият блогерларни телевидение орқали деярли кўрмайсиз.
Масалан, Нурбек Алимов, Муҳрим Аъзамхўжаевни қалами машҳур қилди, Хушнудбекни “Заковат” танитди.
2004 йил, яъни 16 йилдан бери иштирок этиб келаётган ўйини унинг интернет лойиҳалари – блоги ва телеграм канали атрофида мухлис йиғиб берди.
Назаримда, у қатнашмаган ток-шоу, иштирок этмаган ижтимоий ролик қолмади ҳисоб. Йўл-йўлакай берган интервьюлари сони бўйича ҳам етакчи бўлса керак.
Афсуски, кейинги пайтларда Хушнудбек
- зудлик билан эфирга узатилиши шарт бўлган кўрсатувлар,
- чала лойиҳаси учун суҳбатдош ахтараётган муҳаррирлар,
- тадбирга ахборот тайёрлаш учун борган ва кимдан интервью олай экан, деб ўйланиб турган танбал мухбирлар учун “дежурный” вариантга айланиб қолаётгандек.
Доимо қўл узатса етадиган масофада, ҳамиша ҳамма мавзуда гапиришга тайёр ҳуқуқшунос-блогер. Адашган бўлсам – хурсандман. “Озодлик” радиоси айнан шунақа форматда ишлайди.
Буни ўзбек журналистлари ҳам муваффақият билан ўзлаштираётгандеклар. Хуллас, айнан телевидение Хушнудбекни блогерлар оламининг энг зўри бўлмаса ҳам, мухлислари сони бўйича етакчига айлантирди.
Иккинчи омил: билганингизни чалинг
Хушнудбек муваффақиятининг яна бир омили миллионлаб ўзбекистонликларни қизиқтирган ва эскирмайдиган масалаларни кўтариб чиққанидир:
- таълим;
- тест синовларига оид янгиликлар;
- аҳолини қийнаган ҳуқуқий масалалар бўйича таҳлилий постлар;
- прописка.
Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Бирон бир мамлакатда таълим, контракт, прописка муаммолари миллионлар хаёлини ўнлаб йиллар давомида буткул маҳв этишга қодир бўлмаса керак.
Бу мавзуларни ёритиш муаллифнинг ўзига ҳам ёқиши сезилади. Блогернинг қизиқишлари доираси ва бир неча ўн минглаб инсонларнинг манфаатлари бир чизиқда кесишгани обуначилар сонини кескин ошириб юборди.
Учинчи омил: мендан мақола, сиздан ҳавола
Хушнудбекнинг мақолалари, постлари Ўзбекистоннинг йирик оммавий ахборот воситалари, жумладан,
- кун.уз,
- дарё.уз
- хабар.уз ва бошқа қатор узларда чоп этилди. Натижада, блогернинг шахсий саҳифасига келаётган трафик кескин ошди.
Бу муаллифнинг ўз ташаббуси билан бўлдими ёки таҳририятнинг таклифи биланми, билмайман. Аммо интернет маркетинг дарсликларида бу усул, яъни йирик сайтлар билан “мендан мақола, сендан фаол (нофаол) ҳавола” қабилидаги ҳамкорлик блогни ривожлантиришнинг энг самарали йўли сифатида эътироф қилинади.
Яхшиям Дуров бор, яхшиям телеграм бор
Хушнудбек ҳам, бошқа ўзбек блогерлари ҳам бугунги муваффақиятлари учун, биринчи навбатда (албатта, сўз эркинлигини берган Ўзбекистон Президенти, ота-она ва устозларидан кейин) телеграмни яратган Павел Дуровдан миннатдор бўлишлари керак. Россиялик интернет даҳоси ўзи билмаган ҳолда ўзбек блогерларининг табиби сифатида бўй кўрсатди.
Айнан телеграм ўттизни уриб қўйса ҳам бешикда ётган, рахитсифат ўзбек блогистонини қутқариб қолди. Бу хусусда алоҳида мақола бор, фикрларимни аниқ мисоллар билан асослаб бераман.
Ўзбек блогистони равнақига қўшган ҳиссаси учун Павел Дуровга зарбоф тўн ва дўппи кийдириш керак. Инобатга олиб қўйинг, Худойбердиев, иш шунгача борса, уни адо этишни, барибир, сизга топширишса керак.
Хушнудбек ҳам айнан телеграмда “очилди”. Шахсий сайтини юритаётган пайтлари ёзганлари бунчалар оммалашмасди.
Худойбердиев каби доимо диққат марказида бўлишни истайдиганлар учун телеграм мукаммал платформа.
Бу тоифага мансуб шахсларга фейсбук, одноклассники каби ижтимоий тармоқлар тўғри келавермайди. Масалан, фейсбукда бир пайтнинг ўзида ҳамма гапиради (бақиради, чақиради), эшитадиган йўқ; ҳамма ўзига маҳлиёлар фейсбукда, жумладан ўзим ҳам.
Телеграм эса радиодек гап; сиз гапираверасиз (ёзаверасиз), обуначилар эса эшитаверадилар (ўқийверадилар).
Мулоқот асосан бир томонлама бўлади. Каналингизда ўзингиз хон, ўзингиз бексиз. Бебаҳо фикрларингиз фейсбукдаги каби минглаб ҳайқириқлар орасида йўқ бўлиб кетмайди.
Айнан шу формат Хушнудбекка кўпроқ мос келди.
Ҳозирда у асосан телеграмда, шунингдек твиттерда жавлон уряпти. Баъзида “биринчи муҳаббати”- фейсбукни ҳам йўқлаб қолади, аммо илгаридек фаол эмас.
Исми маъмурлар сирасида тилга олинадиган “Маслаҳат.уз” каби гуруҳлардаги мажбуриятини қандай бажараётганидан бехабарман; ўзи асос солган “узблогерлар” гуруҳи ҳақида қуйироқда тўхталаман.
Аутсайдер Хушнудбек
Блогернинг телеграмдаги каналини 280 мингдан ортиқ обуначи кузатиб боряпти (2020 йил июнь). Май ойига нисбатан ўқувчилар сони 13 минг нафарга ошган. Бу борада у мутлоқ етакчи.
Обуначилар сонининг май-июнь ойларида кескин ўсиши олий таълим муассасаларида бошланган қабул жараёнлари билан боғлиқ.
Қойил қолиш керак. Лекин ўйлантириб қўядиган жиҳати ҳам йўқ эмас. Канал ўқувчиларининг умумий сони катта бўлгани билан алоҳида олинган постнинг қамрови паст.
Суратда Хушнудбек каналининг май ойидаги кўрсаткичлари акс этган. Ҳар бир постни 268,7 минг обуначининг 56,7 фоизигина ўқиган.
Июнь ойида эса обуначилар қаторига 13 мингдан ортиқ одам қўшилган бўлсада, уларнинг қамрови 56 фоиз атрофида қолаверган.
Бошқа блогерларнинг статистикасига эътибор беринг (скриншотлар кичкина экранларда қандай акс этишини билмаганим учун айрим маълумотларни матнда ҳам такрорлаб ўтдим, узр):
Нурбек Алимов. Қамров 88,9%:
Муҳрим Аъзамхўжаев. Қамров 101,4%:
Давлетов.уз. Қамров 70,7%:
Бошқа блогер ва етакчи телеграм каналлар, жумладан,
- "Замбаракнинг ўқи",
- "Эффект Макаренко";
- Комил Алламжонов ҳам битта постлари билан 70-90 фоиз ўқувчини қамраб оляптилар. Бу жуда яхши кўрсаткич.
Диёр Имомхўжаев эса 200 фоизлик натижага етиб қолган:
Хушнудбек бу масалада аутсайдер. Блогер каналида 100 мингдан ортиқ “ўлик жон” (Гоголь) бор. Бу шубҳали. Ҳеч нимани таъкидламаяпман. Шунчаки, шубҳали.
Истеъдод амалдан ҳазир бўлгани маъқул
Ҳам ижодни, ҳам салтанатни уддалаган Бобуру Навоийлар даври ортда қолган. Биз нафақат ижодда, балки амал юкини кўтаришда ҳам уларга муносиб ворис бўлолмадик. Бўлолмасак ҳам керак.
Истеъдодли инсонларнинг баланд-баланд лавозимлар, курсиларни эгаллашларини ҳамиша бироз ҳадик билан қабул қиламан. Бир замонлар Юлдуз Усмонова, Шерали Жўраев ўзларини сиёсат майдонига уриб кўришганди.
Вақти келди, Фарруҳ Зокиров маданият вазири ўринбосари, вазир бўлиб ишлади. Улар раҳбар, депутат сифатида нимани уддалашди, билмадиму, аммо қанчадан қанча яратилиши мумкин гўзал қўшиқлар туғилмай қолди.
Озодбек Назарбеков ва Равшан Эрматов ҳақида бирон нима дейишга хали эрта.
2020 йил бошида Хушнудбек миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори этиб тайинланди.
Лекин раҳбарликнинг юки ва “улуғворлик сояси” (Тоҳир Малик ибораси) Хушнудбекнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатгандек. Блогер сифатидаги шашти, шаҳди сусайгандек.
Телеграмдаги канали эса бошқа, масалан,
- ҳуқуқингизни биласизми,
- кун.уз,
- соғлиқни сақлаш вазирлиги
- АОКА каби манбалардан олинган материаллар билан бойияпти холос. Буниси ачинарли.
Созанда ўзини ўзи эплайди, оркестрга дирижёр керак
Хушнудбекнинг фонд директори сифатида иш бошлаганига ярим йил бўлиб қолди. Раҳбар сифатида ваколатлари айнан нималардан иборатлиги менга қоронғу. Аммо биринчи шахс сифатида қуйидагиларга эътибор қаратишини сўраган бўлардим. Балки, бу масалаларга фонд матбуот котиби Нигора Турсунова диққатини қаратиш лозимдир:
Жамоат фондининг телеграмдаги канали ҳақида:
Канал фаолиятини шиддат билан бошлаганди. Ҳозир эса асосан табриклар базасига айланиб боряпти.
Масалан, 2020 йилнинг май ойида фонднинг телеграм каналига иккитагина пост қўйилган.
Бири 3 май - Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб тайёрланган видеоролик бўлса, иккинчиси Рамазон ҳайити табриги (24 май).
Июнь ойида Халқаро блогерлар куни (14 июнь) муносабати билан табрик берилди. Мақола битилаётганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг касб байрамига бағишланган қутловига ҳавола қўйилди (26 июнь).
Фонднинг "Хавфсиз ёрдам" лойиҳаси доирасидаги хайрия акцияси ҳақидаги хабар туман ва шаҳарча доирасидаги телеканалларга хос "Қутловлар ва табриклар" рукнининг телеграмча шаклига айланиб қолаётган каналга яна жон бағишлагандек бўлди.
Жамоат фондининг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти ҳақида
Твиттердаги саҳифа 2019 йилнинг ноябрида очилган бўлсада, уни 87 нафар обуначи кузатиб боряпти холос. Матбуотга дахлдор жамоа учун бу жуда паст кўрсаткич. Саккиз ойда атиги 36 та твит қўйилган.
Инстаграмда фонд фаолиятини 170 обуначи кузатиб боряпти, постлар сони эса 28 та.
Фейсбук, твиттер, инстаграмдаги саҳифалар, телеграмдаги канал бир-бирини айнан такрорлайди. Пост қўйишда ҳар бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари савияси, қизиқишлари, ёши инобатга олинса мақсадга мувофиқ бўларди.
Чунки фейсбукчилар "Одноклассники" мухлисларини ҳазм қилолмаганидек, инстаграмни севувчилар орасида телеграмни фақат алоқа воситаси сифатида тан оладиганлари бисёр. Ижтимоий тармоқлар маркетинги (SMM) SEO (қидирув ботлари "кўнглини олиш" қоидалари) дан фарқли ўлароқ, қадрини йўқотганича йўқ.
Фондга фикрлар базаси керак
Миллий масс-медиа жамоат фондига асос солинганидан энг кўп қувонганлардан бири менман. Унинг олдига қўйган мақсадлари ҳам улуғвор ва реал. Фақат фаолиятни янада ва тезроқ жонлантириш керакмикан? Бу Хушнудбекнинг директор сифатидаги асосий вазифаси бўлиши керак, назаримда.
Масалан, жамоатчилик кенгаши ҳам кучли журналист ва блогерлардан иборат. Улар орасида соҳага тасодифан кириб қолганлари йўқ. Улкан тажрибага эга қаламкашлар. Шулар бошлаб берсинлар.
Билганларини ўртага ташласинлар. Жамоатчилик кенгашига киритилган 19 блогер ва журналист ойига камида иккитадан илмий, оммабоп мақола (пост) ёзиб берсинлар. Ойига биттадан мақола ёзиш мажбуриятини олсалар ҳам, йил охиригача фонднинг соҳага оид фикрлар базаси 114 тага кўпаяди. Бошқалар ўқиб-ўрганадиган норасмий билим лабораторияси яратилади.
Масалан, бир замонлар блогерлик, журналистика ҳақида
- Муҳрим Аъзамхўжаев,
- Тўлқин Юсупов,
- Гулрухсор Худойбердиева (Гулрухсор Амир),
- Давронбек Тожиалиев,
- Чарос Омонова (хотирамга таяниб ёзяпман, шу қиз фамилиясида адашган бўлсам, тузатиб кетасизлар),
- Санжар Саид,
- Шермуҳаммад Абдуғафуров (ўзбек тилида ёзадиган қирғизистонлик блогер) мақола ва постлар ёзишган.
Гулрухсорнинг битганлари мўъжаз, лекин тўлақонли илмий тадқиқот эди. Ана шуларни жамлаш керак. Ўзбек блогер ва журналистларининг танбаллигини инобатга олиб, "ёз, ёз" деб турткилаб туриш шарт.
Бу, ҳарқалай, шоҳ ва шоир Бобурнинг туғилган кунида унинг исми битилган хештэгни трендга чиқариб хурсанд бўлишдан кўра афзалроқ.
Бу мустақиллик байрами яқинлашганда,
- мева-чевалар,
- автобуслар,
- енгил автомобиллар,
- ёки одамлардан 25 (26, 27) рақамларини ҳосил қилиб, битта бечорани дарахт, бино устига чиқариб, суратга олдириб, ижтимоий тармоқларга жойлаштириб, оламшумул ишни бажариб қўйгандек саллона солиб юришдан кўра маъқулроқ бўлса керак.
Бошқа таклифлар ҳам бору, шу билан кифояланаман; мақола ҳажми катта бўлиб кетяпти. Истагим, фонд ўз эмблемасидаги бургутга монанд юксаклик сари парвозини тезроқ бошлашидир. Унга эса Хушнудбек раҳбар сифатида ўқ қанот бўлишини хоҳлардим.
Тароватини йўқотаётган Хушнудбек.уз
Мақолани тайёрлаш жараёнида "Хушнудбек.уз" сайтига кирдим. Афсуски, унинг аввалги файзидан ҳеч вақо қолмабди. Билганимда, сайтнинг шавкатли даврларини суратга олиб қўйган бўлардим.
Қачонлардир бир гала профессионал ходими бор таҳририятлар билан бемалол беллаша олган сайт бугунда Хушнудбек телеграм каналининг иловачасига айланиб қолибди.
Сайт юзасидан саволларим, англолмаган жумбоқларим ҳам кўп. Масалан,
- "Ўқитувчилик фаолиятим ҳақида”ги туркум мақолалар қани?!
- Қайси бири тўғри: “sentabr” ёки “sentyabr” пости-чи?
- “Билайн” акциясида квартира ютиб олган андижонлик можаросига бағишланган материал қаерда?
- Талабаларни илм олишга қизиқтириш мақсадида ўйлаб топилган ва дарс жараёнида фойдаланилган қизиқарли, слайдли тестлар нима учун тўлиғича очилмаяпти?
- Слайдли тестлардан фойдаланишни истаган ўқитувчиларнинг кўчириб олишлари учун берилган ҳаволалар нима учун ишламаяпти?
- Постлар ихтиёрий олиб ташланган бўлса, муаллиф нима учун ўз телеграм каналидан сайтга ўтиб ўқишга ундаяпти?
- Сайт техник хатоларга тўлиб боряпти. Бу лоқайдликми ёки у телеграмдаги канал ва Твиттерга бўлган муҳаббат "қурбонига" айландими?
Алоҳида доменга эга ва мустақил хостингда жойлашган тўлақонли сайти бўла туриб, Хушнудбекнинг янги постларни телеграф платформасига жойлаштираётганини ҳам тушуниш қийин. Буни телеграмдан чиқиб кетмай ўқиш осон бўлиши билангина изоҳлаш мантиқсизликдир.
Блогерга совринлар қайси хизматлари учун берилган?
Хушнудбек олган мукофот ва совринларнинг айримларини эсласак:
- 2014 йил. "Олтин қалам" миллий мукофоти. "Журналистикада ижтимоий масалаларни ёритишда инновацион ечим ва ёндашувлар" номинацияси совриндори.
- 2014 йил. Миллий интернет фестивали. "Энг яхши таҳлилий сайт" номинацияси ғолиби.
- 2014 йил. Уз доменлари интернет фестивали. "Энг яхши шахсий саҳифа" номинацияси совриндори.
- 2015 йил. "Жамият ва мен" танловининг "Энг яхши ёритилган ҳуқуқий мавзулар" номинацияси ғолиби.
Мукофотларга берилган тавсифларга эътибор беринг:
- Энг яхши таҳлилий сайт;
- Энг яхши шахсий саҳифа;
- Энг яхши ёритилган ҳуқуқий мавзулар.
Бирор жойда Хушнудбекка мукофот "мамлакатимиз ва жаҳонда содир бўлаётган воқеаларни тезкор ва профессионал даражада ёритгани учун берилди" каби сатрларга кўзингиз тушдими?
Бу мукофотлар, аввало, хушнудбек.уз сайти ва унинг муаллифига таҳлилий ва долзарб мавзуларни ёритгани учун берилган. У эса шунча эътирофга сазовор бўлган сайтни ( телеграм каналини ҳам) бошқалардан кўчирилган янгиликлар манбасига айлантириб қўймоқда.
Мақсад нима?
- ёзгани мавзу қолмадими?
- таркибида 30-40 ходими бўлган ахборот сайтлари билан рақобатлашиш истагими?
- бир ўзим бутун бошли янгиликлар сайтини юритишга қодирман, қабилидаги кибрми?
Агарки, россиялик блогер Варламовнинг шуҳрати тинчлик бермаётган бўлса, унинг каби янгиликлар учун алоҳида сайт ёки канал очган маъқул эмасми? Унингдек икки-уч ахборотчи-фрилансерни ёллаш мақсадга мувофиқ бўлмасмиди?
Бу гаплар нафақат Хушнудбек, балки бошқаларга ҳам тааллуқли.
Одамлар жаноб Худойбердиев ёки бошқа блогерларнинг сайти (канали)га ахборот ўқиш учун кирмайдилар. Шахс сифатида қадрлаганлари боис, блогернинг у ёки бу масаладаги позицияси, фикри билан танишишга интиладилар.
Янгилик етказиб беришни эса, ягона уруғдан тарқагандек ўхшаш бўлсада, ҳаммаси фақат бир хил ахборот тарқатсада,
- кун.уз;
- дарё.уз;
- хабар.уз;
- соф.уз ва бошқа узлар уддалаяптилар.
Нафақат Хушнудбек, балки бошқа блогерлар ҳам англаб олсалар маъқул бир ҳақиқат бор:
Ахборот-журналистика жанрлари қироли. Унинг тахти эса блогерлар учун эмас.
Юлий Цезарь ҳаммани алдаган, Наполеон ҳам...
Ривоятларга кўра, Цезарь бештадан еттитагача иш билан бирданига шуғуллана олган экан. Худди шундай хусусият Наполеонда ҳам бўлган дейдилар.
Цезар истеъдоди ҳақида ёзиб қолдирган Плутарх ёки Плиний ҳам бу ҳақда кимдадир ўқиган; шахсан гувоҳ бўлмаган. Аниқ далил йўқ.
Цезарь ҳам, Наполеон ҳам ўта кучли шахс бўлишган, лекин даҳолик даражасига етолмаганлар.
Даҳоларнинг даҳолиги эса уларнинг ўта ақлли эканида эмас, балки бор диққат-эътиборини бир вақтнинг ўзида фақатгина битта масала мушоҳадасига қарата билганларидадир. Ҳақиқат шунда, қолгани қўнимсизлик ва палапартишлик холос.
Хушнудбек ана шу ривоятсифат гапларни ўқиганми, эшитганми, билмадиму, аммо блогернинг бош қўшмаган иши, аралашмаган соҳаси деярли қолмаётганидан ниҳояланмаган ишлари қалашиб бораётгандек.
Табиат берган ёшлик қуввати ва иштиёқини турфа ишларга беҳуда сарфлаб юбораётгандек:
- бир замонлар видеоподкастлар қилишга киришганди. Бир неча сони эфирга узатилгандан кейин ўлда-жўлда қолиб кетди (яна тиклашга уринишлар бўляпти, лекин барқарорлик йўқ);
- ютубда "хушнудбек ньюс" лойиҳасини бошлаганди, у ҳам таназзулга юз тутди (умуман, блогернинг ахборотчи бўлишга талпинавериши ажабланарли; бу хусусда юқорида ҳам тўхталгандим);
- блогерларнинг “Кинопоиск”дек порталини очиш нияти бор эди, у ҳам амалга ошмади (ошмаганиям яхши бўлди, бундан маънилироқ иш чиқмаган бўларди);
- Нажот Нур билан янгиликлар дастури (яна ахборот!!!) тайёрлашни бошлашганди, негадир ундан ҳам дарак бўлмай қолди;
- Жамшид Ниёзов ва “Минбар.уз” ахборот сайти (?) билан биргаликда фейсбукдаги “Узблогерлар” гуруҳида маъмурлик қиларди . Йўқламай қўйганиям йиллар бўлдиёв; ажриқ босиб кетди гуруҳниям.
Видеолойиҳалар Хушнудбек Худойбердиевнинг кучли томони эмас. 16 йилдан буён "Заковат"да қатнашаётган, ўнлаб телекўрсатувларда юз кўрсатган блогер ҳақидаги бу гап бироз мантиқсиздек туюлса ажабланманг.
Энг катта қусури - Хушнудбекнинг овози. Келажакда яна видеолойиҳалар тайёрлаш нияти бор экан, саҳна нутқи бўйича яхши мутахассис топиб, овози устида жиддий ишлаши керак. Машқларни интернетдан ҳам топса бўлади.
Шахсий видеолойиҳаларни тасвирга олиш жараёнига профессионалларни жалб қилган маъқул.
Соясиз "Узблогерлар"
Фейсбукда "Узблогерлар" номи билан 2013 йилнинг 11 январида ташкил қилинган гуруҳ бор.
Асосчиси сифатида Хушнудбек кўрсатилган, шу сабаб мақтову танқидимиз унга йўналтиряпти.
Бошқа кимдан ҳам сўраймиз?! Гуруҳ учун масъуллардан бири - “Минбар.уз” ахборот сайтининг ўзи жон олиб, жон бериб ётибди. Бир кунлиги борми, йўқми – даргумон. Умуман, гуруҳга бутун бошли таҳририятнинг масъул бўлиши ғалати.
“Узблогерлар” гуруҳининг яна бир жавобгари Жамшид Ниёзов эса бир неча йиллик асаббузарликлардан кейин эндигина кун.уздан қўним топди. Ҳеч йўқса, шу жамоада тошдек қотсин, дея индамай қўяқолдим.
Қолаверса, асосий ишидан уйга қайтгач, тунлари билан ухламай юритган, фарзандидек бўлиб қолган шахсий сайти - “Тафсилот.уз”дан воз кечишга журъат топган инсонни “қаёқдаги” гуруҳ тақдири қизиқтирармиди, деган истиҳолам ҳам йўқ эмас.
(Қандай ажойиб сайт эди-я “Тафсилот.уз”?! Майли, индамадим. Бир дақиқа сукут сақлаш билан чекланаман).
2000 нафарга яқин қоракўзни (улар орасида, афсуски, ҳақиқий блогерлар кам) жамлаган гуруҳ қаровсиз қолиб кетди. Бу хусусда алоҳида мақолам бор, тез кунларда чоп этаман, батафсил гаплашамиз.
Блогспотдаги “Узблогерлар” сайти (блоглар базаси?!) ҳақида ҳам шу гап.
Иккала интернет ресурснинг дунёга келишида Хушнудбек доялик қилган. Тақдириниям ҳал қилиб қўйса ёмон бўлмасди.
Агарки, ўзи ортмай қолган бўлса, бошқа одамга бериш керакмикан? Ҳар қалай, салкам ўттиз йил деганда атак-чечак қила бошлаган ўзбек блогистонига янги авлод кириб келяпти. Азиз Қаршиев бир замонлар “Блогерга устоз керак эмас” дея ҳайқириқ билан чиққан бўлсада, бу гапни аксиома сифатида қабул қилолмаймизку?!
Меҳрда нажот бор
Хушнудбек менга блогер сифатида ёқиши, ёқмаслиги мумкин, бу табиий. Лекин унинг ҳамма камчиликларини ювиб кетадиган бир томони ҳам бор. Бу ўз канали орқали мунтазам равишда хайрия тадбирлари ўтказиб келишидир. Аввалига
- кам таъминланган оилалардан чиққан талабаларнинг контракт пулларини тўлашда кўмакдош бўлди;
- Сардоба воқеасида четда турмади;
- карантинда ҳам жим ўтирмади. Ижтимоий реклама рукнини очиб, тушган маблағларни эҳсон қилди.
Хайрия фаолиятига ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром билан қарайман. Бу муҳокама қилинмайдиган мавзу. Биттагина инсонга ёрдами тегаркан, давомли бўлишидан умидворман. Отасига раҳмат!
Сукунат - энг гўзал қалқон
Афсуски, мақолани кўтаринки руҳда тугатолмасам керак. Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбекнинг сийратига чизгиларим қуйидаги жумбоқсиз тўлиқ бўлмайди.
Блогернинг ажойиб одати бор эди. Бирон шов-шувли воқеа содир бўлса, шу масалага ҳуқуқшунос сифатида муносабат билдирарди. Ҳеч бир томоннинг ёнини олмасди.
Янада тушунарли бўлиши учун бир воқеани эслатай. Юлдуз Усмонова ва ички ишлар органлари ходимлари ўртасидаги можаро ёдингиздами?!
Воқеа содир бўлгач, Хушнудбек ҳуқуқшунос сифатида, ҳеч кимнинг (!) ёнини олмасдан, мазкур ҳолат қонун талабларига кўра қандай ечим топиши мумкинлигини баён қилиб берди (кимларнингдир уни нотўғри тушунгани бошқа масала).
Менга Хушнудбекнинг ана шу жиҳати ёқа(р)ди.
“Спорт” телеканалининг икки ходими Жамолиддин Бобожонов ва Бобур Акмаловларнинг ишдан кетиши, миллий телерадиокомпаниянинг тутган позициясига ҳам шу йўсинда муносабат билдирса керак деб кутгандим.
Лекин Хушнудбек негадир сукут сақлашни афзал билди.
Бу воқеага Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг (собиқ?) юрист - консультанти сифатида ойдинлик киритса керак, деб ўйлагандим, аммо ҳуқуқшунос блогер сукунатни маъқул кўрди.
Балки Хушнудбек миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори сифатида муносабат билдирар, деб ўйладим. Ҳар қалай газета.уз ва давлат тест маркази ўртасидаги суд жараёнларида фонд номидан шахсан Хушнудбек иштирок этганди. Адашибман, яна жимжитлик.
Мамлакатда содир бўлган бирон-бир шов-шувни эътиборсиз қолдирмайдиган блогер ва ҳуқуқшуноснинг бефарқлиги ажаблантирди.
Бунга нима ҳалал берди:
- ўзбек матбуотини қўллаб-қувватловчи фонд директори лавозими юкими;
- блогерлик позициясими (?);
- карантинми;
- ижтимоий масофаланиш талабларими?
Хушнудбекнинг ана шу сукунатидан кейин ўзбек блогинг олами яна бир ижодкорни йўқота бошлаганини англадим.
Шу фикрларни ёзяпману, негадир хаёлимдан бир пайтлар футбол олами ҳақидаги танқидий кўрсатувлари билан тилга тушган, ҳозирда ўзи аямай "савалаган" ассоциация раҳбари сифатида ишлаётган (энди, табиийки, ўзи ўтирган шохга болта урмайдиган) Диёр Имомхўжаев ўтяпти. Ёзганларини яхши кўриб ўқирдим, омадини берсин.
Хушнудбек эса АҚШ кинофильмларида кўп ишлатиладиган бир жумлани ўзига шиор қилиб олган (ҳар қалай сайтининг энг юқори қисмида шу гап бор): “Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани..”
“Катта давраларга кетар экан” (Ҳалима Худойбердиева сатри) Хушнудбек 17-18 яшар йигитларга хос бу дабдабали шиорини ўзгартиргани маъқул. У йўл олган томонларда ҳақиқат эмас, сукунат қалқон бўлади. Буни унинг ўзи ҳам аллақачон англаб етгандек.
"Ўзбек блогерлари" туркумининг "Муқаддима"си билан ҳам танишинг.