Ўзбек блогерлари. Муқаддима.
Бугундан бошлаб, оралатиб ўзбек блогерлари ва блогистонига бағишланган туркум мақолаларни эълон қиламиз.
Янги постлардан бехабар қолмаслик учун "Эски сандиқ" телеграм каналига обуна бўлишни тавсия қиламан. Кейин, истасангиз, чиқиб кетаверасиз. Сунъий равишда ўқувчи орттириш бизга бегона.
Кимлар ҳақида гаплашамиз?
Ўзбек блогистонининг кўзга кўринган вакили борки, ҳаммаси хусусида сўз юритамиз.
Қуйидаги инсонлар эса, албатта, қаҳрамонимиз бўладилар:
- Аброр Қодиров,
- Азиз Қаршиев,
- Бахтиёр Аҳмад,
- Гулрухсор Худойбердиева,
- Давронбек Тожиалиев,
- Диёр Имомхўжаев,
- Жамшид Ниёзов,
- Зафарбек Солижонов,
- Иқбол Юсуф,
- Иноят Хон,
- Исроил Тиллабоев,
- Кама Ноир,
- Қаҳрамон Асланов,
- Қобил Хидиров,
- Мақсуд Саломов,
- Музаффар Қосимов,
- Муҳрим Аъзамхўжаев,
- Нозим Сафари,
- Нурбек Алимов,
- Нусрат Раҳмат,
- Рашид Усмонов,
- Санжар Ризаев,
- Санжар Саид,
- Соҳиба Хайитбоева,
- Темур Аъзам,
- Темур Малик,
- Тўлқин Юсупов,
- Фарҳод Файзуллаев,
- Фируз Аллаев,
- Фозилбек Юсупов,
- Хайрулла Ҳамидов,
- Хамза Фозилжонов,
- Хушнудбек Худойбердиев,
- Ҳамидбек Юсупов,
- Шаҳноза Тўрахужаева,
- Шермуҳаммад Абдуғафуров,
- Шукуржон Исломов.
Бу ўзбек блогерларига қарши компания эмасми?
Бағрингизни кенгроқ қилинг. Сизни шахсан Ўзбекистон Президенти қўллаб-қувватлаяпти. Шунинг ўзи Сизга кифоя эмасми?
Блогер эканингиз Сиз ҳақингизда ёзиш таъқиқланади ёки фаолиятингиз тўғрисида фикр билдириб бўлмайди дегани эмас.
Балки бу мақолалар ортида блогерларимизни кўролмайдиган ёвуз ва фитнакор кучлар тургандир?
Фитна назариялари мухлислари диққатига: сиз
- ўзга сайёраликларга ҳам,
- масонлару тамплиерларга ҳам,
- Путинга ҳам,
- СССРни қўмсаётганларга ҳам,
- Америкаю яҳудийларга ҳам керак эмассиз.
Сиз шу халққа, шу Ватанга кераксиз. Ўзингизга ортиқча баҳо бериб юборманг.
Ишонтиролмаган бўлсам, битта қора қўчқорни сўйиб, терисига ўраниб ётинг. Бирор яқинингизга айтинг, гаврон (хивич) билан саваласин, енгил тортасиз.
Кейин ана шу қўйнинг гўштидан шўрва тайёрлатинг. Терлаб-терлаб ичинг ва тўйиб-тўйиб ухлаб олинг. Кўрмагандек бўлиб кетасиз.
Лекин бу қалам билан тирикчилик қиладиганларга молиявий томондан оғир тушмасмикан, деган истиҳолам ҳам йўқ эмас. Шу сабаб хўрозми, товуқми сўйиб, қон чиқариш билан чеклансангиз ҳам бўлар?!
Ёки чоршанба куни ҳолвайтар пишириб, ёнига ўн-ўн бешта чалпак қўшиб қўни-қўшнига тарқатиб юборинг.
Хуллас, кулдирманг, ҳар нарсадан иллат қидирманг ва олди-қочди китобларни камроқ ўқинг.
Фақат блогерлар сийратига чизгилар бериладими?
Йўқ. Бу оламда биринчи блог 1992 (баъзи манбаларда 1994) йили очилган. Шунга ҳам 30 йилча бўлиб қолибди. Лекин ўзбек блогистони ҳамон на бир синф, на бир тоифа, на бир ҳаракат сифатида шаклланмади. Иллатлари, камчиликлари кўп.
Шулар ҳақида ҳам гаплашамиз. Масалан, қуйидаги мавзуларда фикрлашишимиз аниқ:
- Ўзбек блогерининг душмани ким?
- Ўзбекча блогларнинг энг йирик қабристони (адашмадингиз, айнан қабристони) қаерда жойлашган?
- Блогерларимизга хос умумий камчиликлар нималардан иборат?
- Ўзбек блогинг оламининг етакчиси ким?
- Блоги йўқ блогерлар. Улар кимлар?
- Қайси блогерларнинг ёзмай қўйганидан афсусдаман?
- Ўзбек блогистонининг Алимардон Тўраевини танийсизми?
- Миллат блогерларининг энг кучлиси ким? Ҳарқалай, Хушнудбек эмас.
- Ўзбекистоннинг эътирофга молик блогерлари рейтинги.
Бу кўтариладиган мавзуларнинг айримлари холос.
Яна бир жиддий масала бор
Ўзбекистон Президенти “айрим журналист ва блогерларимизда билим ва профессионал малака, баҳс маданияти етишмаслиги жамоатчиликни ташвишлантирмоқда” деди.
Ажабланарлиси, бирон бир блогернинг "Шу гапларда жон бор", деганини ўқимадим. Мен ўттиздан ортиқ канални кузатиб бораман; рейтинги баландидан тортиб бир ҳовуч ўқувчиси бори ҳам гапни айлантириб ўзини оқлашга, сиртига сув юқтирмасликка ўтиб олди. Кинояомуз постлар битди. Ёки сукут сақлаб қўяқолди.
Ваҳоланки, мамлакат раҳбари ҳақ эди. Блогерларимиз орасида савиясизлари тиқилиб ётибдику!
Айрим ўзбек блогерларидаги бунчалар кибру ҳаво қаердан? Манманлик илдизи нимада?
Ора-сирада кўзгуга қараб, “Мен энг буюгиман” деб такрорлаб туришни ёқтирмайсизми мабодо?
Биз ана шулардан гаплашамиз.
Туркум мақолаларда нималар бўлмайди?
Шахсиятга ўтилмайди. Яхши томонингиз эътироф қилинади, камчилигингиз айтилади.
Мақолаларни ўқиб чиққач, ё Президент айтганидек, “бахс маданияти”дан холи кимса сифатида фейсбукча жазавага бериласиз ёхуд инсонлардек мулоҳаза юритасиз. Бошқа йўли йўқ, менимча.
Постлар қайси манбаларга асосланиб ёзилади?
Туркум мақолаларни ёзиш учун ўзбек тилидаги 317 блогнинг 3516 та постини ўқиб чиққанман.
Ўзбекча юритиладиган шунча блог бор экан, дея қувонманг. Аксарияти, аллақачон йўқликка юз тутган.
Блог дейишга ҳам тил бормайдиган шахсий саҳифаларни ўрганиш учун қанча вақт, асаб кетганини тасаввур қилаверинг. Сочимдаги оқлар сони кўпайгани қолди.
Муаллифнинг у ёки бу блогерга адовати бўлса, бу мақолаларда акс этиб қолмайдими?
Мақолаларда тилга олинадиган блогерларнинг бирортаси билан шахсан таниш эмасман. Бўлмаганман ҳам. Ошлашмаганман, чойлашмаганман. Давраларда тасодифан ҳам учрашмаганман.
Блогерлар ҳам мени танимайдилар. Бунга, қачонлардир кўришиб қолсак, ўзингиз амин бўласиз. Битганларим узоқ йиллик кузатишларим маҳсули холос.
"Эски сандиқ" телеграм каналида фақат блогерлар ҳақида ёзиладими?
Йўқ. Блогерлар ва блогистон ҳақидаги мулоҳазалар туркум холос. Қолаверса, чилдирмани кўтариб олиб, ҳар куни фақат шу мавзу атрофида муқом қилиб юришда мантиқ кўрмаяпман.
Ҳаётнинг бошқа қизиқарли жабҳалари эса кўп. Ўзимни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам суҳбатлашиб бораверамиз.
Ушбу муқаддима Сизлардан келган саволлар асосида тўлдириб борилади.
Ҳозирча эса, сўзимизни ўзбек блогерлари севиб ва суйиб ишлатадиган жумла билан якунлаб турамиз:
Буларнинг ҳаммаси ИМХО :).
P.S. Биринчи мақола Хушнудбек Худойбердиевга бағишланди. Шу қаторда кўкариб турган сўнгги сўз (ҳавола)ни босинг ва машаққатсиз мақолага ўтинг.