December 27, 2018

Асални ҳар куни истеъмол қилиш қандай фойда беради?

Асал азалдан инсон организми учун энг фойдали маҳсулотлардан бири сифатида эътироф этиб келинади. Ундаги зарур ферментларнинг юқори миқдорда эканлиги ҳамда табиий асалнинг қариш жараёнини секинлаштириш хусусияти ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бугунги кунда ота-боболаримиз риоя қилган озиқланиш тамойилларига кўп мурожаат қилинмоқда. Trendymen асални ҳар куни истеъмол қилиш организмга қандай фойда келтиришига оид маълумотлари билан бўлишди.

Тери тозаланади

Асал табиий антиоксидант ҳисобланади, яъни у организмнинг ортиқча токсинлардан ҳалос бўлишига ёрдам беради. У антибактериал хусусиятлари туфайли терингизни янада тоза қилишга ёрдам беради.

Ортиқча вазн йўқотилади

Асал таркибидаги қанд моддаси биз кундалик истеъмол қиладиган қанддан фарқ қилади. Ортиқча вазндан қутулиш учун шоколад ва газли ичимлик каби ширинликлар истеъмолини асал билан алмаштиринг.

Қондаги қанд миқдори камаяди

Юқорида қайд этилганидек, асал ҳақиқатда қанд моддасига эга. Бироқ фруктоза ва глюкозанинг ноёб бирикмаси ҳақиқатда организмга қондаги қанд миқдорини тартибга келтириш ва бунга қўшимча равишда холестерин миқдорини камайтиришга ёрдам беради.

Юрак-қон томир касалликлари

Асал таркибида мавжуд флавоноид ва антиоксидантлар юрак-қон томир касалликларининг пайдо бўлишини олдини олишга ёрдам беради. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, асал инсон қонидаги холестеринни оксидлантириш жараёнини секинлаштиради, бу эса фалажга олиб келиши мумкин бўлган жараёнга тўсқинлик қилиб, унинг олдини олади.

Алвидо, токсинлар!

Асал ва илиқ сув — овқат ҳазм қилиш тизимидан зарарли чиқиндиларни ювиб чиқаришга йўналтирилган деярли энг яхши комбинация. Қўл остидаги воситалар билан, уй шароитидаги детоксикация!

Иммун тизимини яхшилайди

Асал иммун тизимига ижобий таъсир кўрсатувчи қатор фазилатларга эга. Асосийси, сизни ёқимсиз бактериялардан ҳимояловчи ферментлар, витамин ва минералларга бой органик асални харид қилинг.