October 24, 2018

Нотариатни огоҳлантирувчи одил судлов институти сифатида такомиллаштириш

Сўнгги йилларда нотариатни ислоҳ қилиш, уни жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлайдиган, огоҳлантирувчи одил судлов ва суд низоларини олдини олиш каби функцияларни бажаришга чақирадиган муҳим институтлардан бири сифатида шакллантириш бўйича чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, нотариал идоралар фаолиятида суд-ҳуқуқ соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш ва иқтисодий, оилавий, мерос, уй-жой, меҳнат ва бошқа низоларнинг олдини олиш учун нотариат салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд.

Хусусан, аҳолига тақдим этилаётган нотариал хизматларнинг сифат ва тезкорлик даражаси пастлиги, нотариал идоралардаги узундан-узун навбатлар, давлат божи ва бошқа йиғимларни ундиришда шаффофлик йўқлиги, шунингдек, мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовлар аҳолининг нотариат тизимига бўлган ишончини сусайтириб, коррупция илдиз отиши учун имконият туғдиради.

Бундай муаммоларни бартараф қилиш ва судгача бўлган низоларни тартибга солишни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида Президентимизнинг 2018 йил 25 майдаги "Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такоммиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Қарорда нотариат институтининг жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифатини яхшилашдаги роли ва аҳамиятини янада ошириш бўйича қатор йўналиш ва вазифалар белгилаб берилган. Қарорнинг ижросини таъминлаш учун 1 қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 3 қарори, 1 идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 3192 819 нотариал ҳаракатлар амалга оширилди. Бу эса ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 4,5 % га камдир. Бу асосан, ташкилотларнинг фуқаролардан ишга қабул қилиш, нафақага чиқиш, ҳарбий хизматга чақириш ва бошқа ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхаларини талаб қилиш тартибларининг бекор қилиниши билан боғлиқ. Ўз навбатида, қатор бюрократик тўсиқлар бартараф этилди, давлат хизматлари кўрсатишда фуқароларнинг ортиқча вақти ва молиявий маблағлари тежалди.

Бундан ташқари жорий йилнинг бошида нотариуслар сайёр тартибда 17391 та нотариал ҳаракатлар рўйхатдан ўтказилди. Ўтган йил билан таққослаганда, бу кўрсатгич 24 фоизга ўсган. Яъни, нотариуслар, халққа тобора яқинлашмоқда, уйма-уй юриш орқали битимлар тасдиқланмоқда ва турли нотариал ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 11 октябрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунига мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб давлат солиқ хизмати органлари рўйхатига ижара шартномаларини мажбурий киритиш тартибини ўрнатиш орқали ижара ва кўчмас мулкдан бепул фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талаблари бекор қилинади.

Судларда кўпинча имзоларнинг ҳақиқийлиги устида баҳслашиш ҳоллари учраганини ҳисобга олган ҳолда, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнида ариза берувчи томонидан нотариал тасдиқланган ҳужжатларга имзо чекиш ва уларнинг қўл бармоқлари изини сканер қилиш ҳамда васиятнома ва бошқа ҳужжатларга имзо чекиш жараёнини мажбурий равишда аудио- ва видео ёзиб бориш орқали тасдиқлаш тартиби жорий этилмоқда.

Соҳага малакали кадрларни кўпроқ жалб этиш ҳамда нотариус лавозимига тайёрлаш жараёнини соддалаштириш мақсадида номзодларнинг нотариус лавозимига тайинланиш учун стажировка ўташи икки йилдан бир йилгача қисқартирилди. Судья лавозимида камида беш йил ишлаган ҳамда нотариал фаолият бўйича камида 3 йил раҳбарлик ва назорат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ лавозимлардаги шахслар учун нотариус лавозимига стажировка ўташ тартиби бекор қилинади.

Чекка ҳудудлардаги аҳолининг ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини эътиборга олган ҳолда, нотариусларни ротация қилиш амалиётга жорий этилмоқда.

Соҳани янада такомиллаштиришда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 июлдаги "Нотариал ҳаракатлар ва ФҲДЁ органлари хизматлари учун тўловларни амалга оширишда интерактив хизматларни жорий этишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори  муҳим аҳмият касб этади. Интерфаол ахборот-коммуникация воситаларидан кенг фойдаланиш, нотариал идоралар ва ФҲДЁ органлари бино ва иншоотларида тижорат банкларининг махсус кассаларини очиш вазифалари белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 сентябрдаги қарорига мувофиқ, нотариатнинг фаол модели доирасида жисмоний ва юридик шахсларга "ягона дарча" тамойили асосидаги нотариал хизматлар кўрсатиш тартиби жорий этилмоқда.

Адия вазирлиги