July 26, 2019

Япония Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тадқиқот ва малака ошириш институти делегацияси билан учрашувлар бўлиб ўтди

Япония делегацияси билан бўлган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Академия вакиллари, Маъмурий суд судьялари ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти раҳбарияти ва ходимлари иштирок этдилар.
Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунини  амалга ошириш муаммолари, мазкур Қонунга шарҳлар тайёрлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. 
Муҳокамалардан сўнг, учрашув Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунига шарҳлар тайёрлаш бўйича амалий семинар тариқасида давом эттирилди.

Куннинг иккинчи ярмида Япония Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тадқиқот ва малака ошириш институти (Research and Training Institute) Президенти Оба Рётаро ва Ҳалқаро бошқарма мутахассиси Хомма Мотоюкилар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтига ташриф буюрдилар. Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти раҳбарияти билан бўлган учрашувда Япониялик меҳмонлар Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг мақсадлари, вазифалари ва фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ўз навбатида улар ҳам Япония Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тадқиқот ва малака ошириш институти (Research and Training Institute) фаолияти тўғрисида маълумот бердилар.

Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти билан Япония Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тадқиқот ва малака ошириш институти ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Натижада, ҳуқуқий статистикани йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва чоп этиш бўйича Япония тажрибасини ўрганиш, ҳуқуқий тадқиқотларни амалга ошириш билан шуғулланувчи ходимларни малакасини ошириш масалаларида ҳамкорлик қилиш самарали бўлиши ҳақида томонларнинг фикри бир жойдан чиқди.

Ҳамкорликни амалга ошириш бўйича жорий йилнинг август ойида қўшимча музокаралар ўтказишга келишиб олинди.