ЎЗБЕКИСТОН ШАҲАРЛАРИДА «АҚЛЛИ ШАҲАР» ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

ҚҲТБТ порталида «Ақлли шаҳар» концепцияси лойиҳаси, шунингдек уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури муҳокама қилинмоқда.

Ақлли шаҳар – компьютерлар, планшетлар ва смартфонлар ҳамда бошқа ускуналарни, масалан, светофор, сигнализация датчиклари ва ҳоказоларни бирлаштирадиган интернет тармоғига уланган ҳолда коммуникатив ва ахборот технологияларининг ўзаро боғлиқликдаги тизими. Мазкур тизим орқали шаҳар ичидаги жараёнларни бошқариш соддалаштирилади ва аҳолининг турмуш даражаси яхшиланади.

Ўзбекистонда мазкур инновацион технологияни жорий қилишнинг дастлабки босқичларидаги асосий йўналишлар транспорт, милиция, хавфсизлик, таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, сув таъминоти ва сув чиқариш, уй-жой-коммунал хўжалиги учун тегишли қуйи тизимларни яратишдан иборат бўлади.

Қуйидагилар тизим ишлаши учун зарур инфратузилмани шакллантиришнинг муҳим жиҳатлари ҳисобланади:

  • жамоат жойларида ва жамоат транспортларида бепул Wi-Fi нуқталарини ташкил этиш;
  • Ўзбекистонда муқобил симсиз ахборот узатиш технологияларини қўллаш имкониятини кўриб чиқиш орқали бутун республикада кенг қамровли мобиль алоқа тармоқлари кенгайтирилишини таъминлаш – LoRaWAN, NB-IoT стандартларини жорий қилиш;
  • «Ақлли шаҳар» комплекси ахборот тизимларини талабгир электрон давлат хизматларини шакллантириш учун «Электрон ҳукумат» тизими билан босқичма-босқич интеграциялаш.

Лойиҳа рад этилиши, унга қўшимча киритилиши ёки ўзгартирилиши мумкин.