July 26, 2019

Адлия вазирининг Андижонда ўтказган сайёр қабулларида аксар мурожаатлар уй-жойи бузилганда тўлаш керак бўлган компенсация тўлашга боғлиқ бўлди

Жорий жорий йилнинг 24-25 июль кунлари Андижон вилоятида Адлия вазирлиги раҳбарияти иштирокида сайёр қабуллар ўтказилди. Сайёр қабуллар вилоятнинг Бўз, Пахтаобод, Марҳамат ҳамда Қўрғонтепа каби туманларида ташкил этилди. Унда Адлия вазири Улуғнор, Шаҳрихон, Балиқчи, Избоскан, Жалақудуқ, Олтинкўл, Андижон, Асака, Булоқбоши, Жалақудуқ, Хўжаобод туманлари ҳамда Хонобод ва Андижон шаҳарлари фуқароларини, шунингдек, ўзларини қийнаётган масалалар бўйича қатнашган тадбиркорларни қабул қилди, деб вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Хабарда айтилишича, сайёр қабулларда адлия тизимидан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари, масъул ходимлари, шу билан бирга, маъмурий, иқтисодий ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар, Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармаси ва бошқа кўплаб идоралар вакиллари ҳам қатнашган.

Икки кун давом этган сайёр қабулда жами 400 дан ошиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг аксарияти уй-жойи бузилганда тўланадиган компенсация тўловлари, бандлик, имтиёзли кредит, арзон уй-жой, моддий ёрдам олиш, ер ажратиш, фуқаролик олиш, ичимлик суви ва суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш, электр симёғочлар ўрнатиш, алимент муносабатлари ва бошқа масалаларни қамраб олган.Муаммоли масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилиб, айримлари бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Сайёр қабулда иштирок этганларнинг сўзларига кўра, раҳбарларнинг бу тартибда аҳоли билан бевосита мулоқотга киришиши, давлат органларига нисбатан халқнинг янада ишончи ортишига ҳамда ечимини кутаётган масалаларнинг ўз вақтида ва жойида ҳал этилишига хизмат қилади, деб ёзади манба.