Коррупцияга қарши курашиш соҳасида рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади
“Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–81-сон, 12.01.2022 й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади.
Бунда рейтинг баҳолаш қуйидаги 5 та йўналиш бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилади:
- давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ва амалиётга татбиқ этилганлиги;
- коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
- давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;
- ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
- коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.
Рейтинг баҳолаш тизими 2022 йил 1 февралдан бошлаб, эксперимент тариқасида, ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган 26 та давлат ташкилотлари фаолиятига, 2022 йил 1 июлдан барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади.
Рейтинг баҳолаш “E-Anticor.uz” электрон платформаси орқали ташкил этилади.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, фаолият самарадорлиги “яхши”, “қониқарли” ва “қониқарсиз” тоифаларга ажратилади.
- “яхши” деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибасини оммалаштириш бўйича чора-тадбирларни белгиланади ва амалга оширилади;
- “қониқарли” деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритилади;
- “қониқарсиз” деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади, унинг ижроси юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг йиғилишларида эшитилади.
Кетма-кет икки йил давомида коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги “қониқарсиз” деб топилган давлат ташкилотлари раҳбарларига интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади.