March 30, 2020

Республика махсус комиссиясининг хабари

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг хабари

 Маълумки, жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда, шу жумладан инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритиш ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш орқали мисли кўрилмаган чоралар кўрилмоқда.

Юртимизда ҳам коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, аҳоли соғлиғини сақлаш мақсадида қатор чеклов чоралари жорий этилди.

Хусусан, таълим муассасалари таътилга чиқарилди, озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналардан бошқа савдо объектларининг фаолияти тўхтатилди, кўплаб ташкилотларда ходимлар меҳнат таътилига чиқарилди ёки масаофавий ишлашга ўтказилди.

Бундан ташқари, Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 2020 йил 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкинлиги белгиланди.

Шунга кўра Тошкент шаҳридаги Давлат хизматлари марказлари орқали 10000 дан ортиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали 6000 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилинди.

Ҳозирга пайтгача 1 кун ичида тезкор равишда 5500 та рухсатномалар расмийлаштирилди.

Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят марказидаги Давлат хизматлари марказларига кўплаб фуқаролар ташрифи кузатилди.

Бу ҳол карантин талабларининг бузилишига, кўплаб фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида бир жойда тўпланишига сабаб бўлди. Бундан ташқари айнан шу масалада фуқаролар томонидан кўплаб мурожаатлар бўлди.

Шунинг учун амалдаги тартибни такомиллаштириб, республикада автотранспорт ҳаракати билан боғлиқ келиб тушган таклифларни эътиборга олиб, янги тартиб ишлаб чиқилди.

Эндиликда автотранспорт воситаларини бошқариш учун берилалиган рухсатнома (стикер) учун аризани масофадан туриб, яъни онлайн тарзда топширилиши бўйича тизим жорий этилди.

Унга кўра, махсус рухсатномани бериш бепул амалга оширилади.

Бунинг учун онлайн шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида сўровнома тўлдирилиши лозим.

Тартибга кўра, қуйидаги турдаги автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома берилади:

  • биринчи, озиқ-овқат маҳсулотлари (жумладан тамаки ва алкоголь) ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчи ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи тадбиркорлар ва у ерда ишлайдиган ходимларнинг автотранспорт воситаларига. Бунда дорихоналар учун фақат ҳар бир дорихонага бир дона автотранспортга рухсат берилади;
  • иккинчи, умумий овқатланиш корхоналарининг етказиб бериш хизматини (курьер ва “доставка”) кўрсатаётган автотранспорт воситалари, шунингдек, мазкур корхоналарда доимий ишловчи ходимларнинг шахсий автотранспортига;
  • учинчи, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Зангиота туманларида, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Чилонзор ва Яшнобод туманларида барпо этилаётган шифохона ва хиёбонлар қурилишига жалб этилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли М1 тоифадаги автотранспорт воситаларига.

Шунингдек, ишлаб чиқариш ва технологик жараёни тўхтатилиши мумкин бўлмаган корхоналар, гигиеник ниқоб ишлаб чиқарувчи ташкилотлар, деҳқон бозорларининг ходимларига тегишли вазирлик ва идораларнинг Адлия вазирлигига киритадиган мурожаатига асосан алоҳида рухсатномалар расмийлаштириб берилади.

Бундан ташқари, махсус рухсатномасиз ҳаракатланиш ҳуқуқи берилган автотранспорт воситалари рўйхати ҳам тасдиқланди.

Масалан, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларнинг, тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат машиналари ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситаларига рухсатнома талаб этилмайди.

Бунда мазкур ташкилотларнинг ходимлари ушбу кўрсатилган ташкилотларда фаолият юритаётганлиги тўғрисидаги меҳнат дафтарчаси нусхаси ва иш жойидан тасдиқловчи ҳужжат асосида ҳаракатланади. Ушбу ходимлар фақат иш жойига етиб бориш ва уйга келиш мақсадида ўз автотранспортидан фойдалана олади, яъни фақат хизмат юзасидан ҳаракатланишига йўл қўйилади.

Худди шундай, мавсумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи М1 (бир нафар йўловчи билан) тоифадаги жисмоний шахсларга тегишли шахсий автотранспорт воситаларига рухсатнома талаб этилмайди. Бундан кўзланган мақсад, бозорларга озиқ-овқат масҳулотларини эркин кириб келишини таъминлаш ва нархларнинг асоссиз ошиб кетишини олдини олишдир.

Махсус рухсатномани олиш тартиби, шунингдек автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати ОАВ орқали эълон қилинди. Улар билан батафсил танишиб чиқишингиз, унда белгиланган чекловларга қатъий амал қилишингиз сўралади.

Шу билан бирга бугунги кундаги ижтимоий масофалашувни сақлаш (жамоат жойларида ҳам 1,5-2 метр масофани сақлаш), кўчаларга муҳим зарурият бўлмаганда чиқмасликка чақирамиз.

Автотранспортлар ҳаракатининг чекланиши ноқулайликлар туғдириши табиий, шу билан бирга республикада коронавируснинг кенг тарқалиб кетишини олдини олишда ҳозирги шароитда бу энг зарур ва мақбул йўлдир.