August 1, 2023
Абитуриент қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга? Нималарга шахсан жавобгар?
Абитуриент қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- тест топшириқлари китобидан қоралама сифатида фойдаланиш;
- тест топшириқларини белгиланган муддатдан олдин бажариш, ундан сўнг тест материалларини тартиб билан гуруҳ назоратчисига топшириш ҳамда тест синовлари ўтказиладиган ҳудуддан чиқиб кетиш.
Абитуриент қуйидагиларга мажбур:
- тест синовлари ўтказиладиган куни бинога белгиланган вақтда келиш (абитуриент рухсатномаси ва паспорти билан);
- шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмалари орқали тартибли равишда кириш;
- тест материаллари нуқсонсизлигини текшириш ва нуқсон борлиги аниқланса, дарҳол гуруҳ назоратчисига хабар бериш;
- жавоблар варақаси тўғри тўлдирилишини таъминлаш;
- тест топшириқлари китоби муқовасида ва жавоблар варақасида кўрсатилган тегишли жойларни расмийлаштириш.
Абитуриент қуйидагиларга шахсан жавобгар ҳисобланади:
- жавоблар варақасини ҳаво ранг пастали шарикли ручка билан тўлдириш;
- жавоблар варақасини букмаслик, маркер чизиғига ёзмаслик, жавоблар варақаси рақами остида жойлашган доирачаларни бўямаслик;
- жавоблар варақаси билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат бўлганлиги учун уни тўғри тўлдириш;
- белгиланган вақт тугагунигача тест топшириқларини бажариб, жавоблар варақасининг мос тартиб рақамидаги тегишли доирачаларини бўяб, тест топшириқлари китобини ва унга мос бўлган жавоблар варақасини гуруҳ назоратчисига топшириш.
Шунингдек, мандат натижаларидан норози бўлган абитуриентлар апелляция бериши мумкин. Апелляция шикоятини бериш, уни кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бу ерда батафсил танишишингиз мумкин.