Пахта ҳосилдорлиги 50 центнерга етказилади
Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори (ПҚ–106-сон, 28.01.2022 й.) қабул қилинди.
Қарор билан Уруғчиликни ривожлантириш марказига бир қатор қўшимча вазифалар юклатилди.
Марказ пахта, бошоқли дон, сабзавот, полиз, мойли, дуккакли ва озуқа экинлари уруғликларини ички ва ташқи бозорга “Uzbek seeds” миллий бренди асосида сотишни ташкил этади.
“Ўзпахтасаноат” АЖнинг 11 та уруғлик чигит тайёрлаш цехлари Марказга берилди.
Уруғлик тайёрлаш цехларини Марказга ўтказиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳ тасдиқланди.
Уруғлик чигит ва уруғлик дон тайёрлаш цехларини 2022-2023 йилларда тўлиқ модернизация қилиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилади (унинг ижросига 26,5 млн АҚШ доллари йўналтирилади).
2022–2025 йилларда пахта ҳосилдорлиги 50 центнерга, бошоқли дон 90 центнерга етказилади.
200 минг гектар суғориладиган ер қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштиришга ихтисослаштирилади.
Агрокластерлар ва фермер хўжаликларига ғўза ва бошоқли дон экинларининг энг ҳосилдор навларини импорт қилишга, уларни мустақил жойлаштиришга рухсат берилади.