June 29, 2018

Медиация тўғрисидаги қонун нималарни тартибга солади?

Аввал хабар берганимиздек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида бир қатор қонунлар маъқулланди.

Сенат томонидан маъқулланган қонунлардан бири бу “Медиация тўғрисида”ги қонундир.

Савол туғилади медиация ўзи нима?

Келиб чиққан низони тарафларнинг ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадидаги ихтиёрий розилиги асосида учинчи шахс кўмагида ҳал қилиш усули медиация ҳисобланади.

Қонуннинг мақсади ҳам Ўзбекистонда низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишдан, Ўзбекистон Республикасининг суд тизимига тушадиган иш ҳажмини камайтиришдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

  • фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга;
  • якка меҳнат низоларига;
  • оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилади.

Таъкидлаш лозимки, ушбу Қонуннинг амал қилиши медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Қонун 4 та боб ва 34 та моддадан иборат.

Қонунда медиация, медиатор, медиатив келишув, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув, медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув каби асосий тушунчалар очиб берилган.

Қонунга мувофиқ медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилиши назарда тутилган.

Қонунда белгиланишича жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин. Тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этади.

Медиаторнинг фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши мумкин.

Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга ошириши мумкин.

Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини йигирма беш ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин.

Қонунга кўра қуйидагиларнинг медиатор бўлиши тақиқланаяпти:

  • давлат вазифаларини бажариш учун ваколат берилган ёки унга тенглаштирилган шахс;
  • ўзига нисбатан суднинг уни муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс;
  • судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;
  • ўзига нисбатан жиноий таъқиб амалга оширилаётган шахс.
Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида қўлланилади. Медиация судгача бўлган тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар қўлланилиши мумкин.

Профессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти ҳақ эвазига ёки текин амалга оширилиши мумкин.

Нопрофессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти текин амалга оширилади.

Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади.

Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади.

Медиатив келишув бажарилмаган тақдирда, тарафлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишга ҳақли.

Медиатив келишув бажарилмаслигининг оқибатлари тарафлар томонидан ушбу битимнинг ўзида белгилаб қўйилиши мумкин.

Таъиқдлаб ўтиш лозимки қонунчилигимизга янги киритилаётган медиация институти бугун АҚШ, Германия, Буюк Британия, Австрия, Япония, Хитой, Гонконг, Корея, Ҳиндистон каби жаҳоннинг кўпчилик мамлакатларида ташкил этилган ва муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.

Хусусан, АҚШда бугунги кунда мазкур давлатнинг турли штатларида аввал мавжуд бўлган ва воситачилик фаолиятини тартибга солган 2 500 дан зиёд қонунни бирлаштирган медиация тўғрисида Ягона қонун амал қилмоқда. АҚШ тажрибаси шуниси билан қизиқки, мазкур давлатнинг ҳуқуқ тизими кўпчилик низоларни тарафлар судгача ихтиёрий равишда ҳал этишини таъминлашга қаратилган. Бундан ташқари, суд тартиб-таомиллари бошланган бўлса ҳам судья жараённи тўхтатиши ва томонларга низони медиатор ёрдамида ҳал этишни тавсия қилиши мумкин. Бу мамлакатда иқтисодиёт, сиёсат, бизнес соҳасидаги ҳеч бир жиддий музокара жараёни медиаторларсиз ўтмайди. АҚШда Мунозараларни ҳал қилишнинг миллий институти ташкил этилган бўлиб, у медиациянинг янги усулларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Медиациянинг хусусий ва давлат хизматлари фаолият кўрсатади, медиация муаммоларини ёритиб берадиган журналлар (“Медиация бўйича ҳар чоракда нашр этиладиган журнал”) чоп этилади.

Буюк Британияда бетараф воситачилар иштирокида яраштириш тартиб-таомили жуда оммабоп. Бу мамлакатда махсус телефон хизмати ҳам мавжуд бўлиб, унга мамлакатнинг исталган ҳудудидан қўнғироқ қилиш, низони таърифлаш, шунингдек медиаторликка ўзига маъқул номзодларни келтириш, талабларга мос келадиган мутахассислар рўйхати бўйича таклифлар олиш мумкин. Бунда суд ҳимоясига мурожаат қилинган тақдирда, агар тараф суд низоси доирасида суд томонидан таклиф этилган медиация тартиб-таомилидан фойдаланишдан воз кечган бўлса, унинг зиммасига низони кўриб чиқиш натижаларидан қатъи назар барча суд харажатлари юкланади.

Германияда медиация институти одил судлов тизими билан уйғун ҳолга келтирилган. Масалан, воситачи медиаторлар бевосита судларда иш олиб боради ва потенциал судлашувлар сонини анча камайтиради. Бунда Германияда медиация нафақат оилавий ишлар бўйича судларга, балки умумий юрисдикция судларига, маъмурий судларга ва бошқа судларга интеграция қилинган. Германиянинг кўпчилик ҳуқуқ мактабларида доимий медиация курси жорий этилган: юридик факультетни битирган ҳар ким медиация курсидан ўтади.

Жаҳоннинг кам сонли мамлакатларида бўлгани каби Австрияда медиатор касби касблар номенклатурасига киритилган, медиаторларни тайёрлашни тартибга соладиган ва тайёрлашнинг муайян нормативларини белгилаб берадиган медиация тўғрисида федерал қонун амал қилади. Австрия қонун ҳужжатларида назарда тутилишича, суд жараёнида тузилган медиатив келишув суд томонидан эътироф этилади, шу билан бирга судгача медиация натижаси суд томонидан ҳимоя қилинмайди.

Қонун Президент томонидан имзоланиб белгиланган тартибда расман эълон қилингач юридик кучга эга бўлади.