December 12, 2018

Давлат ёнғин назорати органларининг асосий фаолият йўналишлари белгиланди

Давлат ёнғин назорати органлари фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди

Йўриқномага мувофиқ, давлат ёнғин назоратини (ДЁН) амалга оширишда юқори турувчи инспекторларнинг кўрсатмалари ва фармойишлари қуйи инспекторлар томонидан бажарилиши шарт ҳамда уларнинг фаолиятига бошқа мансабдор шахсларнинг аралашишига йўл қўйилмайди.

Йўриқнома билан ДЁН органлари фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди. Хусусан давлат ёнғин назорати органлари доимий равишда ёнғинга қарши тарғиботни олиб бориши лозим.

Ҳар бир инспектор ойлик иш режа-жадвалини тузади. Режадаги айрим тадбирлар бажарилмай қолган ҳолатларда, бажарилмаганлиги сабаблари ҳақида билдирги ёзилади.

Юридик ёки жисмоний шахснинг мулкий комплекси (объектлар) ДЁН органи раҳбарининг фармойиши билан инспекторларга бириктирилади. Ушбу фармойиш амал қилиш муддати тугагандан сўнг уч йил сақланади.

Объектлар иш режалар асосида йилига камида икки маротаба, яъни режали ва назорат тартибида текширилади.

Аҳоли яшаш уйларини текшириш хусусий мулк эгаларинин ёки ижарачининг розилиги асосида ўтказилади.

ДЁН органларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 84-моддаси (Ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш) 124-моддаси (Транспортда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 211-моддаларида (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш тегишлидир.

Инспекторлар ҳар бир ёнғин юзасидан 10 суткадан кечиктирилмаган муддатда терговга қадар текширув ишларини олиб боради. Текширув муддати бир ойгача узайтирилиши мумкин.