Бассейнларда шуғулланиш ва улардан фойдаланиш тартибини биласизми?
Ўзгидромет маълумотига кўра, 2018 йил 7-10 июл кунлари республиканинг аксарият ҳудудларида ҳавонинг кундузги ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматлардан 5-7 даражага ошиб, 40-43 даражани ташкил этади.
Шу муносабат билан бассейнларда шуғулланиш ва улардан фойдаланиш тартибини эслатиб ўтамиз.
Ҳукуматнинг 2018 йил 3 майдаги қарори билан Бюджет маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган бассейнларда шуғулланиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган.
Низомга мувофиқ бассейнларнинг асосий фаолияти болалар, ўсмирлар ва ёшлар учун машғулотлар жараёнини амалга ошириш, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, спорт захираси ва юқори маҳоратли спортчилар тайёрлаш бўйича ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш, шунингдек, аҳолини соғломлаштириш мақсадида сузиш спорт турлари билан шуғулланишга жалб этишдан иборат.
Бассейнлардаги соғломлаштириш гуруҳларида шуғулланиш учун соғлиғига кўра ва спорт билан шуғулланиш учун тиббий нуқсонлари бўлмаган болалар, ўсмирлар ва ёшлар, шунингдек, тиббий рухсатнома асосида ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг шароитлар яратилади.
Бассейнларда шуғулланиш истагини билдирган шахслар ушбу бассейн тегишли бўлган муассасага қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- ариза (вояга етмаган шахслар учун уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан);
- шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома);
- 086-у-шаклдаги тиббий маълумотнома, тери таносил врачи ва кардиолог томонидан шуғулланишга берилган рухсатнома;
- шуғулланувчининг спорт мусобақаларида эришган натижаларини тасдиқловчи ҳужжатлар (агар мавжуд бўлса);
- шуғулланувчининг 3,5 x 4,5 см ўлчамдаги 4 дона рангли фотосурати;
- шуғулланувчининг спорт паспорти нусхаси, агар мавжуд бўлса (ҳужжатларни топшириш вақтида спорт паспортининг асл нусхаси кўрсатилади);
- шуғулланувчининг аввалги шуғулланган спорт муассасасидан шуғулланганлигини тасдиқловчи маълумотнома (агар шуғулланган бўлса).
Шуғулланувчилар бассейнларнинг соғломлаштириш гуруҳларига қабул қилинган кундан эътиборан уларга бассейнга кириш ва сув ҳавзасидан фойдаланишга рухсат берилади.
Бассейнларнинг соғломлаштириш гуруҳларига етти ёшдан бошлаб (агар чуқурлиги бир метрдан ошиқ бўлмаган бассейн бўлса, тўрт ёшдан бошлаб) барча хоҳиш билдирган шахслар қабул қилиниши мумкин.
Бассейнлардан бир марта шуғулланиш истагини билдирган шахслар ушбу махсус шахсий спорт кийимида, бассейннинг тиббий ходимлари кўригидан ўтиб, белгиланган тўловни амалга оширган ҳолда шуғулланиши мумкин.
Шуғулланувчилар томонидан бассейнлардан фойдаланишда қуйидагиларга амал қилиниши шарт:
- бассейнларнинг кириш-чиқиш жойларида ўрнатилган турникетлар орқали белгиланган вақтда ўтиш;
- кийим шкафларида ташқи кийимларни (кўча учун мўлжалланган кийимлар, пойабзаллар ва бошқаларни) ечиб қолдириш ва бассейн ҳудудида фақат рухсат этилган, яъни бассейнлар учун мўлжалланган оёқ кийимларда бўлиш;
- бассейнлардан фойдаланиш вақтига риоя қилиш. Бунда, соғломлаштириш гуруҳларида машғулотлар жараёнига 45 дақиқа (академик соат) ҳамда шуғулланувчилар ечиниб-кийиниши ва ювиниши учун 15 дақиқа вақт белгиланади;
- соғломлаштириш гуруҳларининг ҳафталик режими 135 дақиқа (уч академик соат) этиб белгиланади.
Бассейнларга кириш ва ундан фойдаланиш учун шуғулланувчиларнинг ҳар бирида сузиш машғулоти учун мўлжалланган махсус шахсий (сузиш учун спорт кийими ва бош кийими, бассейнда фойдаланиш учун алоҳида оёқ кийими, сузиш кўз ойнаги, сочиқ, совун) буюмлар бўлиши керак.
Шуғулланувчиларда сузиш учун мўлжалланган махсус шахсий буюмлар тўлиқ бўлмаган тақдирда, уларга бассейнларга кириш ва улардан фойдаланишга рухсат берилмайди.
Бассейнлардан фойдаланиш даврида қуйидагилар тақиқланади:
- сакраш тақиқланган жойлардан бассейнга сакраш (тушиш), шу жумладан, бассейнларнинг саёз жойига бош билан сакраш;
- машғулот вақтида бошқа шуғулланувчиларнинг йўлини тўсиш ва уларнинг ҳаётига хавф туғдирадиган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш;
- бассейнлар ичидаги махсус йўлакларни ажратиб турувчи арқонга осилиб туриш;
- машғулот вақтида бошқа шуғулланувчиларга халақит бериш;
- бассейнларда кўндаланг сузиш (йўлакдан йўлакка ва сувдан чиқиш зинасига ўтиш бундан мустасно);
- шовқин чиқариш ва ёрдам бериш тўғрисида нотўғри хабар тарқатиш;
- бассейнларда сузиш учун мўлжалланган махсус кийимларсиз шуғулланиш;
- бассейнларда сақич чайнаш, овқатланиш ва алкоголли ичимлик истеъмол қилиш;
- бассейнларга масъул бўлган шахсларнинг рухсатисиз сувда сузиш учун оёққа кийиладиган мослама (ласталар) ва сузиш ниқобларидан (маскаларидан) фойдаланиш;
- бассейнларга бегона нарсаларни ташлаш;
- бассейнларга масъул бўлган шахсларнинг рухсатисиз бассейн атрофида жойлашган моддий инвентарлардан фойдаланиш ёки инвентарларга қасддан шикаст етказиш;
- бассейн атрофида югуриш ва оёқ кийимисиз юриш;
- ҳар қандай техник-муҳандислик жиҳозларни бошқариш ва уларни ўчириш, ёқиш ҳамда тегиш.
Бассейнларнинг соғломлаштириш гуруҳларида шуғулланувчилар соғлиғига хавф туғдирмаслик мақсадида қуйидаги шахслар бассейнлардан фойдаланиши мумкин эмас:
- соғлиғи билан боғлиқ салбий (тери, юқумли, қон кетиш касалликлари ва шу кабилар) ҳолатларга эга бўлган шахслар;
- алкоголли ичимлик истеъмол қилган шахслар.
Бассейнларда шуғулланувчиларнинг қуйидаги тоифалари тўловдан озод этилади:
- белгиланган норма ва талабларни бажариб, бошланғич тайёрлов гуруҳлари, ўқув-машғулот, спортда камолотга эришиш ва олий спорт маҳорати гуруҳларига ўтган шуғулланувчилар (ўқувчи-спортчилар);
- кам таъминланган оилалар фарзандлари ва ногиронлиги бўлган болалар;
- тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қаровисиз қолган болалар.
Кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини тўловдан озод этиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:
- ота-оналарнинг аризаси;
- оиланинг кам таъминланганлиги тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган маълумотнома ва кам таъминланган оилалар рўйхатига киритилганлиги ҳақидаги баённома нусхаси.
Ногиронлиги бўлган шуғулланувчиларга ногиронлик тўғрисида тегишли органлар томонидан бериладиган гувоҳнома асос бўлади.
Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларнинг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасалари томонидан берилган маълумотнома асос бўлади.
Агарда бир оиланинг икки ва ундан ортиқ фарзанди бассейнда шуғулланса, улардан ҳар бирининг шуғулланиши учун белгиланган ойлик тўловнинг 70 фоизи миқдорида тўлов амалга оширилади.