Қишлоқлардан арзон уй-жой олиш тартибини биласизми?
Арзон уй-жой олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?
Қишлоқлардан намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар олиш учун тегишли туман ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган талабгорларни танлаш бўйича доимий ишлайдиган комиссияга ариза топширилади (ёзма тавсия олиш учун).
Аризага қандай ҳужжатлар илова қилинади?
- паспорт нусхаси;
- солиқ тўловчининг идентификация рақами нусхаси (СТИР);
- оила аъзолари паспортлари ва никоҳ гувоҳномаси, фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари нусхалари;
- оила таркиби тўғрисида маълумотнома;
- никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ бекор қилинганлиги ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори нусхаси;
- охирги 12 ой мобайнидаги даромадлар тўғрисида маълумотнома ёки охирги 12 ой мобайнидаги даромадлар тўғрисидаги декларация нусхаси;
- доимий прописка жойидан кадастр ҳужжати нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса);
- доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса);
- ижара ёки турар жойдан текинга фойдаланиш тўғрисида шартнома ёки ер ресурслари ва давлат кадастри туман бўлинмаси маълумотнома нусхаси (ариза берувчининг мулк ҳуқуқи асосида турар жойи бўлмаган ҳолатда);
- ногиронлик гуруҳи кўрсатилган ҳолда пенсия гувоҳномаси ушбу ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) маълумотнома нусхаси (оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногирони мавжуд бўлган ҳолатда);
- турар жойи бўйича туман даволаш-профилактика муассасанинг врачлик-маслаҳат комиссияси маълумотномаси ёки туманлараро (туман) ТМЭК маълумотномаси.
Ёзма тавсия олиш учун қандай мезонлар инобатга олинади?
Ариза берувчи ёзма тавсияни олиш учун доимий яшаш жойи бўйича Комиссияга қуйидаги ижтимоий мезонларга мувофиқлигини тасдиқлайдиган анкета-аризани тақдим этади:
- мулк ҳуқуқи билан турар жойнинг йўқлиги ва турар жойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаши;
- бошқа оилалар билан бир уйда яшаши;
- кўп болали;
- ариза берувчи оиласининг даромади;
- бир ёки ундан кўп бола ота-оналардан бири томонидан тарбияланиши ва боқилиши;
- оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахсларнинг мавжудлиги;
- оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногирони мавжудлиги;
- уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун 16 кв.метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв.метрдан кам бўлмаган) ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги.
Ариза қанча муддатда кўриб чиқилади?
Ариза ва тақдим қилинган ҳужжатлар тақдим этилишининг охирги санаси тугаган кундан бошлаб 15 иш куни мобайнида кўриб чиқилади.
Ижтимоий устуворлик мезонлари қандай аниқланади?
Комиссия уй-жой шароитларини ижтимоий мезонларга мувофиқлиги юзасидан ўрганади ва ижтимоий мезонлардан келиб чиқиб тегишли баллар асосида ариза берувчининг ижтимоий устуворлигини белгилайди.
Комиссия томонидан ижтимоий устуворликни белгилаш якунлари бўйича олинган баллар кўрсатилган ҳолда 2 нусхада текшириш далолатномаси тузилади ва бир нусхаси имзо қўйдирилган ҳолда ариза берувчига топширилади.
Аризани кўриб чиққанидан сўнг комиссия:
Аризани кўриб чиқиш ва уй-жой шароитларини ўрганиш натижалари бўйича Комиссия бир иш куни мобайнида ариза берувчига ёзма тавсия беради ёки ёзма тавсия беришни аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда рад этади.
Ёзма тавсия олгандан сўнг қаерга мурожаат қилинади?
Ёзма тавсия ариза берувчига икки нусхада берилади:
- бир нусхаси - шартнома тузиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш учун инжиниринг компаниясига;
- иккинчи нусхаси - доимий яшаш жойи бўйича тижорат банкининг тегишли филиалига ипотека кредити бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун берилади.
Қандай ҳолларда ёзма тавсия бериш рад этилади?
- ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;
- ҳужжатлар белгиланган муддатда тақдим этилмаганда;
- тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар аниқланганда;
- ариза берувчининг уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжи йўқлиги ҳолати асослаб берилганда;
- илгари қишлоқ жойларда арзон уй ёки якка тартибдаги уй олган фуқаро ёки унинг оила аъзолари такрорий мурожаат қилганда.
Арзон уй-жойлар олиш учун дастлабки бадал миқдори қанча?
- 0,02 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 2, 3, 4, 5 қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) ва 2, 3 хонали бир қаватли арзон уй-жойлар учун – 10 фоиз миқдорида;
- 0,04 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 2 қаватли 4 хонали бирлаштирилган арзон уй-жойлар ва 0,06 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 3, 4 ва 5 хонали арзон уй-жойлар учун – 25 фоиз миқдорида.
Ипотека кредитлари қанча муддатга берилади?
Ипотека кредитлари 2020 йил 1 январгача бўлган даврда 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида берилади.