Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети абитуриентлари учун дастлабки имтиҳондан ўтиш тартиби жорий этилди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Ташқи ишлар вазирлиги тизимига кириши ҳамда қуйидаги йўналишлар мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаси оширишни таъминлайдиган асосий олий таълим муассасаси ҳисобланиши белгилаб қўйилди:
- халқаро иқтисодиёт ва менежмент;
- халқаро муносабатлар ва сиёсий фанлар;
- халқаро оммавий ва хусусий ҳуқуқ;
- гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти.
Университетнинг Бошқарув институти ва Дипломатик курслари тугатилиб, уларнинг негизида Университет ҳузурида Олий дипломатия мактаби ташкил этилди.
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб:
- Университетнинг бакалавриат йўналишлари бўйича таълим олиш муддати тўрт йилни ташкил этади.
- Университетнинг барча бакалавриат йўналишлари бўйича ўқишга қабул чет тили, математика/тарих, она тили ва адабиёт фанлари бўйича давлат тест синовлари якунлари асосида амалга оширилади;
- абитуриентлар учун дастлабки имтиҳондан ўтиш тартиби жорий этилди;
- Университетнинг магистратура йўналишлари бўйича таълим олиш муддати ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олувчилар учун бир йилни, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олувчилар учун икки йилни ташкил этади;
- магистратурага қабул белгиланган тартибда мутахассислик юзасидан ёзма имтиҳонлар ва чет тили бўйича имтиҳон топшириш орқали амалга оширилади.
Университетнинг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш квотаси 150 киши (шу жумладан, давлат грантлари бўйича 30 киши), магистратурасига 50 киши (шу жумладан, давлат грантлари бўйича 10 киши) этиб белгиланди.
2018 йил 1 июлдан Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ходимларга узоқ йиллик хизмати ва дипломатик ранглари учун ойлик маошларига қўшимча ҳақ Университет ва Олий мактаб ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.