February 1, 2019

ЭЪЛОН

Биз кўзгуга муҳтожмиз

Ҳурматли дўстлар!!!

Маълумки, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.

Биз ушбу қоидадан келиб чиқиб максимал равишда ўз фаолиятимизни очиқ ва шаффоф олиб боришга ҳаракат қилмоқдамиз.

Масалан, кейинги пайтларда нотариусларни лавозимга қўйиш учун ўтказиладиган танлов жараёнини онлайн равишда интернет орқали намойиш қилмоқдамиз.

Ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ҳам ҳаракатларни бошлаб юбордик. “Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналиорқали ҳар бир чиқаётган қонун ҳужжати мазмунини тушунтириб боряпмиз.

Умуман олганда зиммамизга юкланган вазифаларни бажаришда аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиш, уларнинг адлия органлари ҳақидаги фикрларини доимий равишда ўрганиб бориш биз учун жуда муҳимдир.

Ҳеч қайси идора ўз ходимларини тўлиқ назорат қила олмайди. Шу сабабли бизнинг эътиборда четда қолаётган жиҳатлар, ўз вазифасини лозим даражада бажармаётган ходимларни аниқлаш бўйича жамоатчиликнинг ёрдами бизга жуда зарур.

Шу сабабли ҳам фаолиятимизни максимал даражада очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида“Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастури ва ушбу дастурни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Дастур орқали ўз фаолиятимизни шаффофлигини тўлиқ таъминлаш учун бир қатор муҳим тадбирларни амалга оширишни режалаштираяпмиз.

Масалан, биз жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларига адлия органлари томонидан ўтказиладиган сайёр қабуллар жараёнида мобил телефондан, аудио-видео ёзиш мосламаларидан фойдаланишга рухсат бериш орқали ходимларимизни янада ҳушёрликка чақиришни режалаштиряпмиз.

Нотариал идоралар ва давлат хизматлари марказлари ходимларининг ўз вазифаларини бажаришда йўл қўяётган камчиликлари устидан интернет орқали тезкор шикоят бериш тизимини яратилади, бунда ходимнинг айби аниқланган ҳолатлар кенг ёритиб борилади. Ўз вазифаларини лозим даражада бажара олмаётган ходимлар рейтингини шакллантириб, уларнинг малакасини ошириш бўйича ишлар олиб борилади. Бу борада одамларни норози қилган, сансалорликка йўл қўйган ходимларни аямаймиз.

Ходимларимизни аттестацияси, шунингдек уларни юқори мансабга тайинлаш бўйича танлов жараёнини реал вақт режимида интернетда онлайн трансляция қилинишини ташкил қиламиз, бундан ташқари мазкур жараёнда жамоатчилик вакиллари иштироки ҳам зарур деган фикрдамиз. Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда очиқликни таъминлаш орқали биз адлия органларида ўз касбига энг муносиб ходимлар ишлашига эришишни мақсад қилганмиз.

Молиявий харажатларимизни ҳам аҳоли билиб туриши керак деган фикрдамиз. Шу сабабли Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмаларининг молиявий фаолияти билан боғлиқ маълумотлар (харажатлар сметасининг бажарилиши билан боғлиқ ҳисоботлар, товар (хизмат)ларни харид қилиш билан боғлиқ шартномалар рўйхати)ни вазирлик веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Умуман олганда дастурнинг асосий мақсади халқимиз ва фуқароларимизнинг оғирини енгил қилиш уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш шунингдек, адлия органиларининг халқ билан узвий мулоқотини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Шунга кўра, Адлия вазирлигининг “Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳаси юзасидан ўз таклиф, тавсия, танқидий фикр ва мулоҳазаларингизни билдиришингизни сўраб қоламиз.

Эътиборингиз учун Адлия вазирлиги жамоаси номидан олдиндан чуқур миннатдорчилик билдирамиз.