Кўчмас мулк ижара шартномасини ҳисобга қўйиш учун тўлов ундирилмайди

“Нотариат тизимини низоларни олдини олувчи институт сифатида янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ 2019 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилиниб, ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш тартиби жорий этилган эди.

Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом билан кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш шартлари белгиланди.

Унга кўра, ижарага берувчи ёки унинг вакили кўчмас мулк (уй-жой, квартира ва ҳок.) ижара шартномасини шартнома тузилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай давлат солиқ органида ҳисобга қўйиши шарт.

Кўчмас мулк ижара шартномасини ҳисобга қўйиш ижара берувчи томонидан Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтидаги шахсий кабинети орқали электрон тарзда амалга оширилади.

Бунда ижара берувчи томонидан сўровнома тўлдирилиб, унга кўчмас мулк ижара шартномаси ҳамда ижарага берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси бириктирилади.

Шунингдек, ҳисобга қўйиш ижарага берувчининг хоҳишига кўра кўчмас мулк жойлашган жойдаги солиқ инспекциясига келган ҳолда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйишда тўлов ундирилмайди.

Ушбу тартиб 2019 йил 1 январдан кучга киради.