August 18, 2018
“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси маблағлари имтиёзли кредитлар бериш учун йўналтирилади
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарор билан “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Тадбиркорларга қуйидаги шаклдда молиявий ёрдам кўрсатиш Жамғарманинг асосий вазифаси ҳисобланади:
- лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш;
- тижорат банклари кредит миқдорининг 50 фоизигача, аммо 1 млрд. сўмдан ошмайдиган миқдорда Жамғарма кафиллигини бериш;
- лойиҳаларда улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорида иштирок этиш;
- уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олишга кўмаклашиш.
Шунингдек Жамғарма “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплекслари қурилишининг 30 фоизигача бўлган қисмини молиялаштиради.
Жамғарма маблағларидан имтиёзли кредитлар бериш ва мол-мулкни лизинга бериш, тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этиш, кафилликлар билан боғлиқ тўловларни тўлаш ва бошқа бир қанча мақсадларда фойдаланилади.