November 15, 2018

Шаҳарсозлик нормалари такомиллаштирилади

Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди

Фармон билан 2018 йил 1 декабрдан бошлаб:

  • барча қурилиш объектлари лойиҳаларининг смета қисми мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилади (инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган қурилишлар бундан мустасно);
  • қурилиши тугаган объектларни фойдаланишга қабул қилиш қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияси, кадастр органлари, буюртмачи, пудратчи вакиллари иштирокида амалга оширилади;
  • шунингдек, “fast-track” усули (бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, ҳарид қилиш ва қуриш) билан “тайёр ҳолда топшириш” шартлари асосида лойиҳалар амалга оширилади.

2019 йил 1 январдан бошлаб:

  • лойиҳалаш ва қурилиш фаолиятини амалга ошириш учун Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатлар томонидан берилган сертификатлар ва бошқа ҳужжатлар тан олинади; Маълумот учун: Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти – 1961 йилда иқтисодий тараққиёт ва жаҳон савдосини ривожлантириш учун ташкил этилган ҳукуматлараро иқтисодий ташкилотдир. Ташкилотга бугунги кунда 36 та давлат аъзо.
  • қурилиш учун ер участкаларини вақтида ажратмаслик ёки нотўғри ажратиш натижасида юзага келган харажатлар маҳаллий бюджетлар маблағи ҳисобидан қопланади;
  • миллий қурилиш нормалари ва қоидалари хорижий норматив-техник ҳужжатларга танлов асосида мослаштирилади.

2019 йил 1 мартдан бошлаб:

  • малакага эга бўлиши мажбурий бўлган мутахассисларни сертификатлаш Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси томонидан амалга оширилади;
  • лойиҳалашни амалга оширишга штатида сертификатга эга ва доимий ишлайдиган камида иккита муҳандис мавжуд бўлган ёки Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси аъзоси бўлган юридик шахсларга рухсат этилади.

2020 йил 1 январдан уй-жой қурилиш объектлари энергия-самарадор ва энергия-тежамкор ускуналар билан мажбурий жиҳозланиши лозим, BREEAM (бинолар самарадорлигини экологик баҳолаш усули) ва LEED (энергия-самарадор ва экологик лойиҳалаштириш бўйича қўлланма) стандартлари бўйича сертификатларга эга объектлар бундан мустасно.

Бундан ташқари, қурилиш соҳасини техник тартибга солишнинг норматив базаси қуйидаги босқичларда ислоҳ қилинади:

  • тайёргарлик даври (2019-2021 йиллар) – геологик, табиий-иқлим, сейсмологик хусусиятларни инобатга олган ҳолда миллий қурилиш нормалари қайта кўриб чиқилади ва хорижий норматив-техник ҳужжатларга мослаштирилади;
  • ўтиш даври (2022-2026 йиллар) – мослаштирилган норма ва қоидалар амалиётда қўлланилади, қурилиш соҳасига инновациялар жорий этилади;
  • якуний давр (2027-2028 йиллар) – қурилиш соҳасининг ягона норматив базаси яратилади.

2019 йил 1 мартга қадар қуйидагилар бўйича таклиф киритилади:

  • хорижий компанияларни жалб этган ҳолда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва мамлакат ҳудудига илк бор олиб кириладиган қурилиш асбоб-ускуналари, техникаси, материаллари ва буюмларини сертификатлайдиган синов лабораторияларини ташкил этиш.
  • давлат органларида идоравий объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи функцияларини бажарувчи таркибий бўлинмалар ташкил этиш;
  • ҳисобланган қиймати тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига нисбатан ошиб кетган қурилиш объектларини молиялаштириш тартибини аниқлаш;
  • мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида йирик ихтисослаштирилган қурилиш-пудрат ташкилотларининг фаолиятини ташкил этиш.

Бундан ташқари, Фармон билан Қурилиш нормалари ва қоидалари Адлия вазирлигидан мажбурий тартибда рўйхатдан ўтиши лозимлиги белгиланди. Қурилиш вазирлигига 2019 йил 1 майга қадар Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.