Аҳоли хонадонларидаги газ тармоқлари ҳамда газда ишловчи қурилма ва ускуналар техник тафтишдан ўтказилади
Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорда таъкидланишича, ҳудудлардаги кўп қаватли уйлар, якка тартибдаги уй-жойларни куз-қиш мавсумига сифатли тайёрлаш ҳамда хонадонларни иситишда табиий ва суюлтирилган газ, қаттиқ ёқилғидан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари учраб турибди.
Оқибатда аҳоли хонадонларида ёнғин келиб чиқиши ёки ис газидан заҳарланиш ҳолатлари рўй бериб, инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигига жиддий зарар етказилмоқда. Кўпинча ўлим билан тугайдиган ҳамда моддий зарар билан якунланадиган бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлмоқда.
Уларнинг аксарият қисми, табиий газ ва муқобил ёқилғи турларидан ҳамда иситиш печларидан фойдаланишда техник ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаганлиги, табиий газ тармоғига нотўғри уланиш, иситиш мақсадида мавжуд газ плиталарини ёқиб қўйиш ва хонадонлар ичида очиқ оловдан фойдаланиш ҳамда дудбуронларнинг носозлиги оқибатида келиб чиқмоқда.
Қарорга мувофиқ, аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини ўрганиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга доир таклифлар тайёрлаш бўйича Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар ташкил этилди ва уларнинг вазифалари белгиланди.
Қарор билан аҳоли хонадонларининг ички газ тармоқлари ҳамда газда ишловчи қурилма ва ускуналари қуйидаги муддатларда техник тафтишдан ўтказилади ва уларга профилактика хизмати кўрсатилади:
- кўп квартирали уйлардаги газ плиталари (бошқа газ приборлари мавжуд бўлмаганда) – икки йилда бир марта;
- турар жойлардаги газ плиталари, иситиш, сув иситиш приборлари – бир йилда бир марта, профилактик хизмат кўрсатиш – ҳар йилги иситиш мавсуми бошланишидан аввал;
- турар жойлардаги дудбуронлар ва вентиляция каналларини – ҳар йилги иситиш мавсумидан олдин текшириб, уларнинг созлигини тегишли далолатномалар билан қайд этиш.
Шунингдек, қарорга мувофиқ Давлат солиқ қўмитаси қўлбола ясалган ностандарт иситиш мосламаларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг бозорлар ва турли савдо шохобчаларида сотилишининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўради.