September 5, 2018

“ЭНГ ЯХШИ ҲУҚУҚ ТАРҒИБОТЧИСИ” ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ!

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси” танлови ташкил этилган эди. Ўнта номинация бўйича ўтказилган ушбу танлов ўз ниҳоясига етди.

Танловга икки ой давомида 170 дан ортиқ материаллар келиб тушди. Танлов низомига мувофиқ ҳакамлар ҳайъати ушбу материалларни ўрганиб чиқиб, яширин овоз бериш йўли билан ғолибларни аниқлади.

МАРҲАМАТ, ҒОЛИБЛАР БИЛАН ТАНИШИНГ:

1. “Ҳуқуқий тарғиботдаги фидоийлиги учун” номинацияси бўйича:

Муҳиддинова Феруза Абдурашидовна – Тошкент давлат юридик университети профессори. Республика миқёсидаги ҳуқуқий тарғибот гуруҳлари фаол аъзоси. 100 га яқин илмий ишлар: монографиялар, рисолалар ва илмий мақолалар муаллифи. Ҳуқуқий тарғиботдаги фаоллиги учун қатор давлат идоралари ва ташкилотларининг ташаккурнома ҳамда фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

2. “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши мутахассис” номинацияси бўйича:

Худойбердиев Хушнудбек Ғайратович – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг Юридик бўлими мудири ўринбосари. Телеграм каналида “Xushnudbek.uz” номли канални юритади. Ушбу каналда таълим, меҳнат, истеъмолчилик ҳуқуқи каби масалаларда мазмунли ва қизиқарли контентлар мунтазам равишда бериб борилади.

3. “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши журналист” номинацияси бўйича:

Эргашева Дилфуза Рустамовна – “Инсон ва қонун” газетаси адабий муҳаррири, журналист, блогер. Ҳуқуқий тарғибот йўналишидаги қатор материаллари матбуотда ва интернет саҳифаларида эълон қилинган.

4. “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши ОАВ” номинацияси бўйича:

“Ўзбекистон 24” телеканали – ҳуқуқий тарғибот, хусусан қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш йўналишида энг фаол телеканал.

5. “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши блогер” номинацияси бўйича:

Калонов Баҳром Қосимжонович – таниқли карикатурачи-рассом. У томонидан чизилган биргина #бизкоррупциягақаршимиз” хештэги остидаги туркум карикатуралар телеграм, фейсбук ва инстаграм ижтимоий тармоқларида миллион мартадан ортиқ кўрилган.

6. “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши сайт” номинацияси бўйича:

“Xabar.uz” портали – ахборот-таҳлилий портал. Мазкур сайтда фуқароларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий фаоллигини янада юксалтириш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича мунтазам равишда ҳуқуқий соҳадаги ахборот-таҳлилий материаллар эълон қилинган.

7. “Ҳуқуқий тарғиботдаги энг яхши инновацион лойиҳа” номинацияси бўйича:

Гафуров Умид Илҳомович – Ижтимоий тармоқларда “Troll.uz” номи билан машҳур блогер. Ижтимоий тармоқлар орқали “#бизкоррупциягақаршимиз” хештэги остида “Коррупцияга қаршимиз деб туриб...” ва “Бир гап билан таълимдаги коррупция...” номли серияли постлари кенг оммалашди. Бу постлар ҳатто қоғозга босиб чиқарилиб масъул идораларда деворларга осиб қўйилгани ҳақида ахборотлар тарқалди.

8. “Маҳаллада ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдаги фаоллиги учун” номинацияси бўйича:

Ибрагимов Фарҳод Баходирович – Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси судининг катта мутахассиси. Ҳуқуқий тарғибот бўйича маҳаллаларда тизимли равишда учрашув ва давра суҳбатлари ташкил қилган.

9. “Ҳуқуқий тарғиботдаги энг яқин ҳамкор” номинацияси бўйича:

“UzReport” телеканали – Ҳуқуқий тарғибот тадбирларини, хусусан “Адлия ахбороти” номли брифингни энг фаол ёритувчи ҳамкор телеканал.

10. “Энг ёш ҳуқуқ тарғиботчиси” номинацияси бўйича:

Рубцов Юрий Александрович – Фарғона вилояти юридик коллежи битирувчиси (18 ёш). Ҳуқуқий тарғиботда фаол, хусусан инфографикалар яратишда юксак маҳоратга эга. Фуқаролик, жиноят ҳуқуқи бўйича турли мазмундаги сифатли инфографикалар тайёрлаб улардан тарғибот тадбирларида самарали фойдаланган.

Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими 12 сентябрь куни бўлиб ўтади.