June 6, 2018

Айрим йўналишлар бўйича институтларда ўқиш муддати қисқартирилади

Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорнинг асосий жиҳатлари қуйидагилардан иборат.

Алоҳида таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати камида уч йил бўлган бакалавриат ҳамда камида бир йил бўлган магистратура жорий этилади. Яъни айрим йўналишларда ўқиш муддати қисқармоқда. Ушбу йўналишлар қарорда кўрсатилмаган, демак ушбу йўналишлар алоҳида ҳужжатлар билан белгилаб берилади.

Масалан, 2018 йил 13 апрелдаги Президент қарорига асосан 2020/2021-ўқув йилидан бошлаб юридик коллежлар битирувчилари Юридик университетга бакалаврларни тайёрлашнинг махсус уч йиллик дастури бўйича киришга ҳақли эканлиги белгиланган.

Яна бир янгилик, олий таълим муассасалари (институт, университет, академия ва ҳ.к.) бакалавриатига қабул қилиш квоталаридан ташқари хорижий фуқароларни суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилиш мумкин. Бу олий таълим муассасасини моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Олий таълим муассасаларида (институт, университет, академия ва ҳ.к.) талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими қайтадан кўриб чиқилади. Унда асосий эътибор муайян фандан дарс берган педагогнинг якуний назорат жараёнларидаги иштирок этмаслигига қаратилади. Яъни, дарс берган педагог талаба билимини баҳолай олмайди. Баҳолашни бошқа педагог амалга оширади. Бу ҳақда тегишли низом ишлаб чиқилиб, тасдиқланади.

Талабанинг ўзлаштириш даражаси – профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонига айланади. Яъни, ўқитган талабалари белгиланган имтиҳонлардан ўта олмайдиган профессор-ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган чоралар кўрилади. Бу ҳақда ҳам алоҳида ҳужжат ишлаб чиқилиши керак.

Олий таълим муассасаларининг (институт, университет, академия ва ҳ.к.) профессор-ўқитувчиларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқланди. Раҳбарлар мазкур талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилмоқда.

Олий таълим муассасалари (институт, университет, академия ва ҳ.к.) да жамоатчилик кенгашлари ташкил этилади.

Олий таълим муассасалари (институт, университет, академия ва ҳ.к.) га ўқитувчиликка ишга қабул қилишда янгича тартиб ўрнатилди.

Эндиликда ишга қабул қилиш, тегишли кафедранинг кенгайтирилган очиқ мажлисида педагог кадрлар ва жамоатчилик кенгашининг аъзолари иштирокида синов дарси ўтказиш натижалари бўйича амалга оширилади.

Кириш имтиҳонларидаги тест саволларини тайёрлаш услубларини такомиллаштириш бўйича тадбирлар белгиланди.

Хусусан, илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳоказо) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган энг юқори балл берилади. Яъни, кимдир кириш имтиҳонида IELTSнинг тегишли сертификатини топширса унга масалан, инглиз тили бўйича олиш мумкин бўлган максимал балл автомат равишда берилади. Бу ҳақда ҳам тегишли қарор қабул қилиниши лозим.

Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими ўрнига ёшлар билан ишлаш бўйича проректор лавозими жорий этилди. Уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш билан Президенти девонининг Ёшлар сиёсати масалалари хизмати шуғулланади.

Ректорлар фаолияти бўйича олий таълим вазири, таркибида олий ўқув юрти мавжуд вазирлик идора раҳбари Вазирлар Маҳкамасига ҳар йили ҳисобот бериб боради. Ҳисобот натижасига кўра тегишли ректорнинг лавозимга лойиқлиги ёки нолойиқлиги масаласи кўриб чиқилади.

Ҳар бир олий таълим муассасасида янги ғоя ва ташаббусларни шакллантириш мақсадида “Ёш экспертлар гуруҳи”ни ташкил этилади.

Кафедралар учун кадрлар тайёрлаш тизими бўйича ҳам ўзгаришлар бўлади. Хусусан, ҳар бир олий таълим муассасасида 1-курс давомида саралаб олинган энг иқтидорли талабалар учун алоҳида гуруҳлар ташкил этилади (мазкур гуруҳлардаги талабалар сони институт томонидан белгиланади), 2-курсдан улар алоҳида ўқитилади ва магистратурага мақсадли қабул қилинади. Айнан мана шу йўл билан олий таълим муассасалари кафедралари учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш бўйича тадбирлар амалга оширилади. Бу бўйича тегишли таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозим.

Ёш олим ва талабаларга ҳамда ташаббускор фуқароларга мамлакатда инновацион ғоя ва технологияларни ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун топшириладиган “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони таъсис этилди. У кимга ва қайси хизматлари учун топширилиши алоҳида қарор билан белгиланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва олий таълим муассасалари фаолияти очиқлигини таъминлаш мақсадида матбуот билан ишловчи алоҳида штат бирликлари ташкил этилди.

Яна бир муҳим янгилик, абитуриентлар ҳужжатларини ўқишга кириш учун электрон шаклда топшириш имконини берадиган тизим яратилади. Яъни ўқишга кириш учун ҳужжатларни Тошкентга ёки вилоят марказига келиб топшириш шарт бўлмайди. Бу бўйича тегишли чора-тадбирлар дастури 2019 йил 1 январгача Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозим.

Маълумот учун: бу йилдан бошлаб Юридик университетга ҳужжатларни топшириш учун Тошкентга келиш шарт эмас. Ҳужжатларни абитуриент яшаб турган жойдаги Давлат хизматлари маркази орқали ҳам топширса бўлади.