October 23, 2018

Уй ичида ўрнатилган ҳисобга олиш асбобларининг (счётчик) сақланиши учун уй эгалари жавоб беради

Ҳукумат қарори билан “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, тўлов ҳужжатида хатолар ёки ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичида ноаниқликлар аниқланган тақдирда, истеъмолчи ҳудудий электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилади, корхона эса бу ҳақида мажбурий ижро бюросига хабар бериши кераклиги белгиланди.

Шунингдек, қарорга мувофиқ кўп квартирали уйлардаги хонадонлар ва хусусий хонадонлар ичида ўрнатилган ҳисобга олиш асбобларининг сақланиши ва бутунлиги учун истеъмолчининг жавобгарлиги белгиланди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ ҳисобга олиш асбобининг хотира блоки ва уни дастурлашдан фойдаланиш тугмасига ташқаридан таъсир кўрсатиш ҳам қоида бузилиши ҳисобланади ва мажбурий ижро бюросининг вакили томонидан далолатнома тузилади.

Хатловдан ўтказиш далолатномаси табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан ўтказиш учун ечиб олиш санасида тузилиши белгиланди.

Бундан ташқари истеъмолчилар газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганда, истеъмол қилинган газнинг қийматини ундириш ҳолатларига аниқлик киритилди.

Хусусан, ҳисобга олишни нотўғри кўрсатиш мақсадида ҳисобга олиш приборига модем ёки бошқа воситаларнинг рухсатисиз уланганлиги аниқланганда – рухсатсиз аралашилган кундан бошлаб бутун вақт давомида, ҳисобга олиш прибори бузилган тақдирда ёки мавжуд бўлмаганда, пломбалар узилганда бир ҳисоб-китоб давридан кўп бўлмаган вақтда газнинг қиймати ундирилади.