Адлия вазирлиги: блог юритишда 10 муҳим саволга 10 жавоб
Бугунги кунда блогерлар, ижтимоий тармоқ фаоллари ва инфлюэнсерлар фаолияти жамиятимиз ахборот майдонида катта аҳамиятга эга. Улар ахборот тарқатиш орқали юз минглаб, миллионлаб кузатувчиларга маълумот етказадилар ва у ёки бу ҳолат тўғрисида жамоатчилик фикрининг шаклланишига ҳисса қўшадилар. Шу билан бирга, жамиятда очиқлик, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини амалга оширишда блогерликнинг ва халқ журналистикасининг ўрни муҳим.
Сўнгги вақтларда Адлия вазирлигига блогерликнинг ҳуқуқий асослари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида кўплаб саволлар келиб тушмоқда.
Шунга кўра, Адлия вазирлиги соҳага оид муҳим саволларни умумлаштириб, амалдаги қонунчилик нормалари асосида қуйидаги жавобларни эълон қилади.
1. Блогер ким? Блог нима? Ижтимоий тармоқдаги саҳифалар ҳам блог ўрнига ўтадими?
Блогер Интернетда ўз веб-сайти, веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс ҳисобланади.
Демак, ижтимоий тармоқ фойдаланувчисига тегишли бўлган, маълум бир мавзу доирасида янгилик ёки шарҳ чоп этиладиган, шахсий онлайн кундалик сифатида фойдаланиладиган ҳар бир саҳифа блог ўрнига ўтади.
Мисол учун, Телеграм мессенжерида очилган канал, гуруҳ ёки Фейсбук, Инстаграм, Одноклассники, Твиттер, Вконтакте ва ҳ.к. ижтимоий тармоқларида очилган шахсий саҳифа, гуруҳлар ҳам блог ҳисобланади. Чунки у ерга жойлаштирилган маълумотларни кўпчилик кўради, ушбу саҳифалар ахборот тарқатувчи манба ҳисобланади. Бундай саҳифани юритувчи одам блог эгаси дейилади. Унга нисбатан қонунчиликда маълум ҳуқуқлар ва масъулиятлар белгиланган. Ҳар бир фуқаро интернет тармоғига маълумот жойлаш, улашиш ё тарқатишда мазкур ҳуқуқ ва мажбуриятларни яхшилаб билиб олгани фойдалидир.
2. Блогда исталган маълумотни чоп этиш мумкинми?
Сўз эркинлиги Конституция даражасида белгиланган бўлиб, барча фуқаролар каби блогерлар ҳам ахборотларни қидириши ва тарқатиши мумкин. Яъни, улар учун алоҳида ҳуқуқ ёки алоҳида чекловлар йўқ.
Бироқ ахборот тарқатишнинг ўзига яраша талаблари ҳамда қонунчиликда белгиланган қоидалари ҳам мавжуд.
Блогер ўз веб-сайти ва (ёки) веб-сайт саҳифасида ёхуд бошқа ахборот ресурсидан қонунда тақиқланган маълумотларни тарқатиш мақсадларида фойдаланиши мумкин эмас.
Хусусан, Ўзбекистоннинг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш, уруш, зўравонлик, терроризмни, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ва бошқа ахборотни тарқатиш мумкин эмас. Тўлиқ рўйхат бу ерда.
Умуман олганда, туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарлик бизнинг интернет технологиялари асримизга келиб ёки фақат Ўзбекистон ҳудудида жорий қилинган тартиб эмас.
Ижтимоий тармоқлар пайдо бўлишидан аввал ҳам туҳмат ёки ҳақорат учун жавобгарлик мавжуд бўлган. Мисол учун, XX аср мобайнида амалда бўлган миллий қонунчилигимизда ўзгани оғзаки ёки ёзма равишда ҳақорат қилиш, туҳмат, яъни қасддан ёлғон, бошқа шахснинг шаънини камситувчи, уйдирмаларни тарқатганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик мавжуд бўлган.
Хориж тажрибасига мурожаат қилсак:
Германияда Интернетда ёлғон хабар тарқалишига қарши курашишга қаратилган “Тармоқда қонунийлик тўғрисида”ги Қонун (NetzDG) қабул қилинган. Унга кўра, интернет-манбалар фойдаланувчиларнинг шикоятларига, шу жумладан, тарқатилган хабарнинг ёлғонлиги бўйича мурожаатларига муносабат билдириши шарт. Кимки шикоятни кўриб чиқишни рад этса ва тегишли чора кўрмаса, жуда кўп миқдордаги жарима билан жазоланади. Шикоятлар бўйича эътироз ва даъволар Федерал вазирликнинг эксперт бўлими томонидан 7 кунлик текширувлар давомида аниқланади ва қарор қабул қилинади.
Бундан ташқари, Германияда “Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни қўллашни такомиллаштириш тўғрисида”ги Қонун (“Facebook тўғрисида”ги Қонун деб ҳам аталади) 2017 йил 1 октябрдан буён амал қилади. Қонун фақат ижтимоий тармоқлар учун амал қилиб, Интернет журналистлари фаолиятига татбиқ этилмайди. Қонунда конституциявий тузумга, миллатлар ўртасидаги аҳилликка зид бўлган, нацизм ғояларини тарғиб этувчи, шахс, унинг шаъни, қадр-қимматини камситувчи, шахсий ҳаёт дахлсизлигига дахл қилувчи, унга тажовуз қилувчи ва болалар порнографияси билан боғлиқ маълумотларни тарғиб қилиш, ижтимоий тармоқларда тарқатиш тақиқланади.
Ноқонуний контентларни блоклаш тўғрисида тегишли сўров ижтимоий тармоқ маъмуриятига юборилади. Ижтимоий тармоқ ходими 24 соат ичида контентни блоклаш ёки ўчириш бўйича қарор қабул қилиши лозим.
Худди шундай, Швейцария конфедерациясида туҳмат ва ҳақорат (Defamation) учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Хусусан, Швейцария жиноят кодексига кўра, туҳмат ва ҳақорат учун кўп миқдордаги жарима ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши мумкин.
3. Журналист текшируви бор, блогер текшируви-чи?
“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг
9-моддаси журналист текшируви деб аталади. Унга кўра, журналист ахборот тўплаш ва текширув ўтказиш ҳуқуқига эга.
Миллий қонунчилигимизда блогерлар ҳам худди журналистлар каби текширув олиб бора олишини ёки блогерлар журналистларга оид барча ҳуқуқлардан фойдалана олишини назарда тутувчи қоида мавжуд эмас.
Шундай бўлса-да, Конституциямизнинг 29-моддасига мувофиқ, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Демак, блогер ҳам ўзи истаган ахборотни излаши, олиши, чуқур ўрганиши ва ўрганиш натижаларини оммага эълон қилиши мумкин. Фақат юқорида баён этилган қоидаларга албатта риоя қилиш лозим.
4. Нотўғри маълумот тарқатганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Қонунчиликка кўра, тарқатилган ҳар қандай ноқонуний ахборот/маълумотлар, даъват, ҳақорат ва туҳмат юзасидан тегишли жавобгарлик белгиланган. Бунда ноқонуний маълумотлар блогерлар томонидан тарқатилганида, улар бошқа барча учун белгиланган умумий нормалар асосида жавобгарликка тортилиши мумкинлигини билишлари лозим.
Масалан, била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни (туҳмат) тарқатганлик учун энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 60 бараваригача (6 млн сўмдан 18 млн сўмгача) жарима, юқоридаги ҳаракатларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этганлик учун БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш жазоси белгиланган.
Шунингдек, ҳақорат қилиш, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш, конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва шунга ўхшаш бошқа бир қанча нормалар асосида жавобгарлик белгиланган.
Олайлик, фуқаро А. фуқаро С. билан ораларида низо борлиги сабабли ўзининг телеграм тармоғидаги канали (гуруҳи) орқали С.ни шарманда қилувчи уйдирмаларни (туҳмат) тарқатган, ҳақорат қилган ёки шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузган. Мазкур ҳолат биринчи маротаба содир этилганида, фуқаро А. МЖтКнинг 40, 41, ва 46-1-моддалари билан, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганда эса ЖКнинг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилиши мумкин.
5. Шахсий фикр сифатида берилган материаллар ахборот тарқатиш масъулияти ва жавобгарлигидан озод қиладими?
Шахсий фикр бу шахснинг у ёки бу факт ёки ҳодисани ўз нуқтаи назаридан талқин қилиши ёки таассуротини баён этиши ҳисобланади. Бугунги кунда ижтимоий тармоқларнинг ҳаётимизга фаол кириб келиши натижасида фуқаролар томонидан ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдириш имконияти кенгайди. Айни пайтда ушбу мулоҳазаларни кўпчилик кўришини ҳам ҳисобга олиш керак.
Шахсий фикр ҳам маълумот, ахборот сифатида тарқатилганда, қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Қонунчилик талабларида шахс қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернетда тарқатиш мумкин эмаслиги белгиланган.
Бундай ёлғон ахборотни тарқатганлик БҲМнинг 50 баравари (15 млн сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Агар тарқатилган ёлғон ахборот жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солса, уни тарқатган шахс БҲМнинг 100 бараваригача (30 млн сўмгача) жаримага тортилиши мумкин.
Шунингдек, ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ушбу ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса, БҲМнинг 400 бараваригача (120 млн сўмгача) миқдорда жаримага тортилиши ёки 3 йилгача озодликни чеклаш жазоси билан жазоланиши мумкин.
Ахборот тарқатилаётганда ахборот тарқатувчида унинг ҳаққонийлигини текшириб кўриш мажбуриятини келтириб чиқаради. Бу бутун дунёда тан олинган стандартдир.
Кўп ҳолларда ижтимоий тармоқларда аноним профиллар орқали ноқонуний ахборот тарқатилиши кузатилади. Ушбу профиль эгаларини топиш кўп ҳолларда имкони бўлмаслиги мумкин. Лекин, аноним профиллар орқали тарқатилган ахборотни эгаси аниқ бўлган саҳифалар ва профиллар томонидан тарқатилганда ёки улашилганда ҳам (“репост”), ушбу саҳифа ва профиллар эгалари ёки гуруҳ маъмурлари жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шунинг учун, шахси ноаниқ, аноним ёки шубҳали профиллар орқали тарқатилаётган ахборотларга блогерлар ва саҳифа (гуруҳ) лар эгалари ва админларни алоҳида аҳамият беришлари зарур, чунки ахборот мазмуни бўйича масъулият уларга ҳам қонун билан юкланган.
Албатта, юқоридагиларни ўқиб умуман фикр билдиришдан чўчиш ёки ҳеч бир маълумотни улашмай ўтириш керак дегани эмас. Шунчаки, блогларни улашаётганда унинг мазмун-моҳияти тўғрилиги ва ҳаққонийлигини текшириб кўриш, маълумотларнинг ҳаққонийлиги ишончли манбалар орқали тасдиқланмаган ҳолларда постни тарқатмаслик лозим.
Акс ҳолда, манфаатдор шахснинг судга мурожаатига асосан туҳмат, ҳақорат ёки ёлғон маълумотлар юзасидан, нафақат уни дастлаб эълон қилган шахс, балки улашган шахс ҳам жавобгар бўлиши мумкин.
6. Тарқатилган хабарга раддия бериш
Баъзан текширилмаган маълумот тарқатиб, пост якунида “бу бўйича тегишли шахснинг муносабатини кутамиз” деган гапни қистириб ўтиш ҳоллари учрайди.
Тарқатилган маълумот, ахборотга раддия берилишини талаб этиш жисмоний ёки юридик шахснинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади. Юқорида қайд этилганидек, маълумотнинг тўғрилигини исботлаш мажбурияти ахборот тарқатувчи зиммасига юкланган. Шунинг учун ташкилот ёки қайсидир бир шахс раддия бермасдан туриб, тўғридан-тўғри суд ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиб, ахборот тарқатувчининг жавобгарлик масаласини кўриб чиқишни сўраши мумкин.
Фуқаролик кодексига кўра, фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан суд орқали раддия талаб қилишга ҳам ҳақли.
Ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.
Шу сабабли, блогерлар ахборот ёки маълумотни текшириш бўйича талабга риоя қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
7. Блогер айбсизлик презумпциясига риоя этиши керакми?
Конституциямизнинг 26-моддасига кўра, “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди”.
Айбсизлик презумпцияси ўзида 3 та асосий қоидани мужассамлаштирган.
Биринчиси, шахснинг айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади.
Иккинчиси, шахс ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас. Шахснинг айбсиз ёки айбдор эканлигини исботлаш масаласи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юклатилган.
Учинчиси, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим.
Блогер англаши зарурки, инсон ҳуқуқлари олий қадрият деб топилган ҳеч бир давлатда ҳатто одам ўлдирган шахс ҳам суднинг ҳукми қонуний кучга киргунига қадар айбсиз ҳисобланиб, унга нисбатан “жиноятчи”, “айбдор”, “фирибгар” “ўғри”, “порахўр”, “экстремист” каби сўзларни қўллаш мумкин эмас.
Оддий қилиб айтадиган бўлсак, суднинг қарори қонуний кучга кирмагунча ҳеч кимнинг бирон бир шахсни айбдор деб малакалашга, ҳукм ўқишга мутлақо ҳаққи йўқ.
8. Блогернинг реклама фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи борми? Бўлса, қандай тартибда?
Реклама тарқатувчи жисмоний ёки юридик шахс бўлиши мумкин. Реклама ишлаб чиқариш ва жойлаштириш лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланмайди, шу сабабли ушбу хизматларни кўрсатиш учун лицензия талаб этилмайди. Демак, блогер ҳам реклама фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
Реклама фаолияти шартнома асосида амалга оширилади. Тарафлар шартномада реклама бўйича барча шартларни келишиб олишлари, қонунчиликда тақиқланган нарсаларни реклама қилишдан тийилишлари лозим.
Ўзбекистонда даромад топувчи ҳар қандай шахс солиқ тўловчи ҳисобланади. Хусусан, реклама қилиб даромад топган жисмоний шахслар даромадларидан 12 фоиз миқдорида даромад солиғи тўлайди. Тўланган солиқлар тўлалигича давлат бюджетига тушади.
Шу билан бирга, айрим фаолият турлари Солиқ кодексига мувофиқ даромад солиғидан озод қилинган. “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан, ўзини-ўзи банд қиладиган шахслар ахборот коммуникация соҳасида хизмат кўрсатиш – ижтимоий тармоқлардаги фаолият (PR-менежер, интернет-маркетолог, ижтимоий тармоқларда товарлар (ишлар, хизматлар)ни илгари суриш ва реклама қилиш (SMM), ижтимоий тармоқ саҳифалари администратори, аккаунт-менежер, маркетолог, линк-менежер, таргетолог, контекст-реклама бўйича мутахассис, директолог, медиа режалаштирувчи, SMO мутахассиси) тури бўйича рўйхатдан ўтган бўлса, даромадлари жами даромадлари таркибига киритилмаслиги учун даромад солиғидан озод қилинади.
9. Блогер постларига ёзилган шарҳлар учун ҳам жавобгарми?
Блогер саҳифасида жойлаштирилган ахборотга фойдаланувчилар томонидан қолдирилган шарҳлар матнида, шунингдек ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерларда ноқонуний маълумотлар аниқланса, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) томонидан блогерга тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юборилади.
Ахборот ресурси эгаси, шунингдек блогер хабарномани олган вақтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан тақиқланган ахборотни олиб ташлаши, шунингдек, бу тўғрида АОКАни хабардор қилиши лозим.
Агар тарқатилиши тақиқланган ахборот 24 соатдан кечиктирмасдан блогер томонидан олиб ташланмаса, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) томонидан ушбу ахборотни олиб ташлаш бўйича ижтимоий тармоқ ёки мессенжер маъмурига ёки даъво аризаси билан судга мурожаат қилиниши мумкин.
Шунингдек, манфаатдор жисмоний ва юридик шахслар ҳам ўзларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида блогпост эгасидан ўзларига оид постларга қолдирилган туҳмат, ҳақорат ёки қонунчиликда тақиқланган бошқа ҳолатларга оид шарҳларни олиб ташлашни талаб қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
Чунки Ўзбекистон Конституциясининг 27-моддасида ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
10. Блогер исталган одамнинг тасвирини ижтимоий тармоққа жойлаштириши мумкинми? Тасвири жойлаштирилаётган шахсдан рухсат олиши керакми?
Қонунга кўра, шахснинг тасвирга бўлган ҳуқуқи ажралмас ва дахлсиздир. Тасвирга бўлган ҳуқуқи бузилган деб ҳисоблаган шахс Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкин.
Қонунга кўра, шахсга доир маълумотлар — муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот. Шахснинг тасвирга бўлган ҳуқуқи қонунчилик билан ҳимояланади.
Қуйидаги ҳолларда шахсга тааллуқли маълумотларни тарқатиш учун унинг розилиги талаб қилинмайди:
- ушбу тасвирлардан фойдаланишдан давлат, жамоат ёки бошқа оммавий манфаатлар кўзда тутилса;
- шахснинг тасвири инсонлар эркин келиб кетиши мумкин бўлган жамоат жойларида туширилган бўлса (масалан, намойишларда, байрамларда, кўчаларда, оммавий сайлларда, очиқ мажлисларда, спорт мусобақаларида ва ҳ.к.);
- шахс ҳуқуқбузарлик содир этаётган бўлса.
Мазкур тушунтиришлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари асосида тайёрланди. Блогерлар ўз фаолиятида дуч келаётган аниқ ҳуқуқий муаммолар юзасидан қўшимча ҳуқуқий ёрдам олиш тавсия этилади.