November 29, 2018

Хорижликлардан “​тонировка”​ учун йиғимни ундириш тартиби белгиланди

Хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун мажбурий йиғимларни ундириш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди

Низомга мувофиқ, хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситалари деганда, хорижий давлатларда рўйхатда турган, йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ўриндиқлар сони саккизтадан ошмайдиган, вазни 3,5 тоннагача бўлган, олд, ён ва орқа ойналаридан бири ёки бир нечтасининг туси ўзгартирилган автотранспорт воситалари тушунилади.

Ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистонга вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун 15 АҚШ доллари миқдорида чегара божхона постидаги банк кассалари орқали мажбурий йиғим ундирилади. Кассада квитанция расмийлаштирилади ҳамда унинг бир нусхаси ҳайдовчига берилади.

Йўл-патруль хизмати ҳайдовчилардан мажбурий йиғимлар ундирилганлигини текшириш учун квитанция нусхасини кўради, мажбурий йиғимлар тўланмаганлиги аниқланганда маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилади.

Эслатиб ўтамиз техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.