January 18, 2019

2019 йилги Давлат дастурига кимларнинг таклифи олинди?

2019 йилги Давлат дастури лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси натижалари тўғрисида маълумот

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда янада такомиллаштириш мақсадида жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилди.

Жамоатчилик муҳокамаси “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан махсус яратилган 2019.strategy.uz веб-сайти ва Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали www.regulation.gov.uz орқали жорий йил

3 январдан 15 январга қадар ўтказилди.

Шу билан бирга, Давлат дастури муҳокамаси юзасидан телевидение, радио, электрон оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда

850 дан ортиқ материаллар эълон қилинди ва 20 дан зиёд давра суҳбатлари ўтказилди.

Жамоатчилик муҳокамаси доирасида Давлат дастури лойиҳасига жами 4180 та таклиф келиб тушди. Хусусан:

  • давлат дастури лойиҳасининг умумий мазмуни бўйича – 284 та;
  • давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналиши бўйича – 1160 та;
  • қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналиши бўйича – 398 та;
  • иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестиция жалб этиш йўналиши бўйича – 956 та;
  • ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши бўйича – 1070 та;
  • хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш йўналиши бўйича – 312 та таклиф билдирилди.

Жамоатчилик муҳокамасида фуқаролар ва мутахассислар томонидан билдирилган таклифларнинг кўпчилиги лойиҳада мавжуд тадбирларни қўллаб-қувватлашга ва ривожлантиришга қаратилган.

Аҳоли ва мутахассислар таклифлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, масъул давлат органлари ва “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан таҳлил қилиниб, 340 дан ортиқ фуқароларнинг концептуал ва долзарб таклифларидан Давлат дастури лойиҳасини мазмунан такомиллаштиришда фойдаланилди ҳамда 30 га яқин таклиф асосида тегишли бандларга таҳририй ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан:

1. 140 нафардан ортиқ фуқароларнинг коррупцияга қарши курашиш чораларини кучайтириш, унинг олдини олиш бўйича самарали мехнизмларни ишлаб чиқиш ва давлат хизматчиларининг коррупция ҳолатларини бартараф этишдан манфаатдорлигини оширишга қаратилган таклифлари асосида лойиҳанинг 4-банди тубдан такомиллаштирилди.

2. Фойдаланувчилар томонидан атроф-муҳит, чиқинди, ободонлаштириш ва шу каби масалаларга доир тақдим қилинган таклифларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб лойиҳага янги 22-банд (ободонлаштириш тизимини такомиллаштириш) қўшилди.

3. 21 нафар фуқароларнинг таклифлари давлат хизматлари марказлари фаолиятини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, уларнинг барчасини лойиҳанинг 29-бандини амалга ошириш орқали ҳал қилиш режалаштирилган. Хусусан, Д.Худойназаров, С.Мирзаев ва Ж.Бахрамовларнинг давлат хизматларини рақамлаштириш ҳақидаги фикрлари шулар жумласидандир.

4. И.Мусаевнинг журналист-техник ходимларнинг ойлик маошини ошириш ва мухбирлар мақомини белгилаш ҳақидаги таклифлари лойиҳанинг 31-бандида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясини ислоҳ қилиш доирасида кўриб чиқилди.

5. У.Мухамедовнинг Миллий телерадиокомпаниянинг 70 фоиз функцияси ва хизматларини хусусийлаштириш, Толибжон исмли фойдаланувчининг телеканалларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни қисқартириш ҳақидаги таклифлари лойиҳа 31-банди бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш сифатида акс эттирилган.

6. А.Турсунбаевнинг ижтимоий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар учун турли имтиёзлар бериш таклифи лойиҳанинг 33-бандида ижтимоий шерикликни амалга оширишда иштирок этадиган тадбиркорлик фаолияти субъектларига имтиёзлар бериш сифатида ўз ифодасини топган.

7. 50 дан ортиқ фойдаланувчиларнинг реклама қонунчилигини кўриб чиқиш, эфирга узатиш меъёрлари ва талабларини ишлаб чиқиш ҳақидаги таклифлари асосида лойиҳага янги 34-банд киритилди.

8. Х.Сориев, Х.Азизов ва С.Сиргабаевларнинг судьяликка номзодларнинг ёш цензини белгилаш ҳақидаги таклифи лойиҳанинг 38-бандида белгиланган.

9. У.Битураев ва Ғ.Машкуровнинг судьяларнинг махсус кийимини тасдиқлаш ҳақидаги таклифи лойиҳанинг 39-бандида назарда тутилган.

10. А.Хаитов ва Д.Мамаджанованинг кўнгилочар объектлардаги хавфсизлик масалалари хусусидаги таклифлари лойиҳанинг 40-бандида назарда тутилган.

11. Ш.Жумаев ва А.Юсупов томонидан “холис харидор” тизимини кенг жорий қилиш, “яширин иқтисодиёт” бўйича “ишонч телефонлари”ни ташкил қилиш ва мазкур соҳада тасдиқланган хабарни берган шахсларни рағбатлантириш бўйича тақдим қилинган таклиф лойиҳанинг 51-бандида ўз аксини топди.

12.   Э.Носировнинг ижтимоий тармоқларда товарларни ноқонуний олди-сотди қилаётган “тадбиркорлик” субъектларини аниқлаш ва уларнинг фаолиятини қонунийлаштириш бўйича таклифи лойиҳанинг 51-бандида белгиланган.

13.   Ж.Турдиқуловнинг молия бозори инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш, микромолиялаш жараёнини ва микрокредит ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш ҳақидаги таклифи лойиҳанинг 62-бандига киритилди.

14. 60 га яқин фойдаланувчилар томонидан банк соҳасини такомиллаштириш бўйича келиб тушган мурожаатлардан лойиҳанинг 62-бандини такомиллаштиришда фойдаланилди. Хусусан, ушбу бандда И.Жуманиёзов, Толибжон ва Жасурбек исмли фуқароларнинг банклардаги давлат улушини камайтириш, Т.Каримов ва З.Мамадияровнинг банкларда жисмоний ва юридик шахсларга электрон хизмат кўрсатишнинг тизимини жорий этиш бўйича фикрлари тўлиқ акс эттирилган.

15. Б.Гафуров ҳамда Азимжон исмли фойдаланувчиларнинг кредит олиш учун суғурта полиси мавқеини ошириш ва суғурта пули тўлаш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифи қабул қилиниб, лойиҳанинг 63-бандида ўз ифодасини топди.

16. Даврон исмли фойдаланувчининг лицензия ва рухсатномалар сонини камайтириш, уларни олиш жараёнини соддалаштириш бўйича таклифи қабул қилиниб, лойиҳанинг 72-бандига киритилди.

17. Б.Муҳаммадиевнинг юридик шахсларнинг маълумотлар базасини яратиш ҳақидаги таклифи лойиҳанинг 74-бандида назарда тутилган.

18.   О.Бафоев тақдим қилган бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятига ва тузилишига бўлган талабларни ўрнатишга оид фикрлари лойиҳанинг 76-бандига қўшилди.

19. 30 га яқин фойдаланувчиларнинг (А.Мадаминов, Ш.Холбаев, Ф.Сафаров, Л.Зокиров, Б.Артиков ва бошқалар) таклифлари асосида лойиҳа янги банд – автомобиль транспортида йўловчи ва юк ташиш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи 78-банд билан тўлдирилди.

20. Ш.Маматхонов ва А.Толаковнинг автомобиль транспорти соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқитиш тизимини бекор қилиш ҳақидаги таклифи 84-бандда (лицензия берувчи органлар томонидан лицензия олувчиларни мажбурий ўқитиш ёки малакасини ошириш тартибини қайта кўриб чиқиш сифатида) белгиланган.

21. Й.Мадрахимовнинг оммавий ахборот воситаларида қишлоқ хўжалигини юритиш, ҳудудларнинг ушбу соҳадаги ихтисослиги, етиштирилаётган маҳсулотлар сифатини яхшилаш ва турли касалликлар билан курашиш усуллари ҳақида туркум дастурларни тайёрлаш ишларини амалга оширишга доир таклифи лойиҳанинг 90-бандига киритилди.

22. Т.Каримов, С.Искандаров ва Р.Пардаевнинг таклифлари асосида лойиҳанинг 107-банди (автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш

ва таъмирлаш ишларига оид қурилиш қоидалари ва меъёрларини халқаро стандартларга мослаштириш) такомиллаштирилди.

23. М.Варисова томонидан тақдим қилинган ҳудудлардаги мавжуд имкониятлар ва инвестиция лойиҳалари ҳақидаги маълумотларнинг очиқлигини таъминлашга доир таклиф лойиҳанинг 113-бандида ўз аксини топди.

24. З.Тожиеванинг савдо муносабатларини тартибга солувчи ягона қонун ҳужжатини ишлаб чиқишга доир таклифи лойиҳага янги 131-банд сифатида қўшилди.

25. Е.Мирзаева томонидан билдирилган Ўзбекистонда ёшларни касбий ўқитишнинг замонавий тизимини жорий этиш ва ривожлантириш мақсадида халқаро “World Skills International” уюшмасига қўшилиш тўғрисидаги таклиф қабул қилиниб, лойиҳага янги 140-банд киритилди.

26. М.Ходжевнинг таклифлари асосида лойиҳага тиббиёт муассасалари таркибида умидсиз оғир беморлар учун хоспис бўлимларини ташкил қилиш ҳақидаги янги 163-банд қўшилди.

27. М.Сапаев тақдим қилган ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида яқин қариндошлар ўртасида никоҳни тақиқлашни ўрганиш тўғрисидаги таклиф лойиҳага янги 166-банд сифатида киритилди.

28. М.Тошпулатовнинг аждодларимиз ҳақида тарихий миллий сериал ва фильмларни суратга олиш ҳақидаги таклифи 191-бандда (тарихий шахслар, алломалар ҳақида бадиий, бадиий-публицистик, ҳужжатли фильмлар ва сериаллар яратиш) назарда тутилган.

29. Ю.Эркабоеванинг туризмнинг янги турларини ривожлантириш ва мавсумийлик омили таъсирини камайтириш мақсадида ишбилармонлик туризмини ривожлантириш ҳақидаги таклифи қабул қилинди ва лойиҳага қўшилди (198-банд).

30. Р.Отахоновнинг технопарклар фаолиятини тартибга солиш бўйича таклифи асосида лойиҳага янги 230-банд киритилди.

31.   З.Исраилов ва Э.Саримсаковнинг соҳаларни хусусийлаштириш ва хорижий менежерларни жалб қилиш бўйича таклифи лойиҳанинг турли бандларида ўз ифодасини топган.

Лойиҳага киритилмаган бошқа таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан масъул идоралар жалб қилинган ҳолда алоҳида ўрганилади ва мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида инобатга олинади.