Мактаблар учун муқобил дарсликлар яратилади
Ҳукумат қарори билан Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги низом тасдиқланди (2019 йил 5 апрель, 281-сон).
Низомга мувофиқ, муқобил дарсликларга қўйиладиган талаблар Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.
Вазирлик кейинги ўқув йиллари учун тавсия этиладиган ва яратиладиган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларнинг рўйхатини ҳамда уларга қўйиладиган талабларни оммавий ахборот воситалари ва вазирликнинг расмий веб-сайти орқали бир йил олдин эълон қилади.
Мазкур дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни тайёрлашда иштирок этиш истагида бўлган ижодий жамоалар Республика таълим маркази Мувофиқлаштирувчи кенгашининг ишчи органига таклиф киритади.
Яратилган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар Ишчи органга оригинал макет ҳолатида киритилади.
Оригинал макетлар вазирлик ҳузурида ташкил этиладиган экспертлар гуруҳи томонидан икки ой муддатда экспертизадан ўтказилади.
Ишчи орган энг юқори баҳоланган оригинал макетларни тажриба-синовдан ўтказишга розилик олиш учун Мувофиқлаштирувчи кенгашга 1 ҳафтада киритади. Тажриба-синов ўтказиладиган мактаблар рўйхати Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тасдиқланади.
Ишчи орган тажриба-синов ва кенг жамоатчилик муҳокамаси натижаларини бир ойда умумлаштиради ҳамда дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни тасдиқлаш учун Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этади.
95 фоиздан юқори балл олган муқобил дарсликлар мактаблар учун ижара тизими асосида яратилган дарсликлар билан бир қаторда ихтиёрий фойдаланишга тавсия этилади.