Медиаторларни тайёрлаш дастури тасдиқланди
Адлия вазири буйруғи билан Медиаторларни тайёрлаш дастури тасдиқланди.
Дастурга кўра, медиаторларни тайёрлаш бўйича махсус ўқув курслари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан ташкил этилади.
Ушбу ўқув курсларида таълим олиш кундузги шаклда шартнома асосида бир ойдан кам бўлмаган муддат давомида амалга оширилади.
Бунда, махсус ўқув курсларида ўқиш учун фуқаролар Марказга ариза билан мурожаат қилиши керак.
Ўқув жараёни 15 нафар тингловчи шаклланган академик гуруҳларда ташкил этилади.
Медиаторларни тайёрлаш дастури “Медиация. Таянч курси” ва “Медиацияни қўллаш хусусиятлари” ўқув дастурларидан иборат бўлади.
Ўқув машғулотлари маъруза, семинар ва амалий машғулот шаклида ташкил этилади.
Амалий машғулотлар тингловчиларда муаммоли вазиятларда қонун ҳужжатлари билан ишлаш малакасини ривожлантиришга йўналтирилади.
Ўқув жараёнида клиник таълим, низоли жараёнларнинг имитацияси, сайёр машғулотлар ҳамда мустақил таълим қўлланилиши мумкин.
Тингловчилар ўқиш даврида электрон шаклдаги ўқув-методик материаллар билан таъминланади.
Тегишли ахборот-методик ва ташкилий-техник база мавжуд бўлган тақдирда махсус ўқув курслари масофадан ўқитиш усуллари қўлланилган ҳолда ташкил этилиши мумкин.
Дастурга кўра, тингловчилар дарс машғулотларини сабабсиз 10 академик соатдан ортиқ қолдирганда, ўқув режасидаги модулларни ўзлаштирмаганда ва шу каби бошқа ҳолларда ўқув курсидан четлаштирилади.
Ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган тингловчиларга сертификат берилади.