October 19, 2018
Божхона органлари ходимларига якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари олиш ҳуқуқи берилади
“Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонун (янги таҳрирда) Президент томонидан имзоланди.
Қонундаги асосий ўзгаришлар:
- божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш божхона органларининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланди;
- тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун божхона органлари ходимларининг жавобгарлиги оширилди;
- ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-тамойилларида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш бўйича нормалар киритилди;
- божхона фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ва назорат техник воситаларини татбиқ этиш божхона органларининг асосий вазифалари қаторига киритилди;
- банк идораларига инкассо топшириқномалари ҳамда тақдимномаларини электрон шаклда тақдим этиш амалиёти киритилди;
- божхона органлари Президент томонидан ташкил қилинишини белгиловчи янги норма киритилди;
- божхона органлари ходимлари хизмат мажбуриятини бажариши, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириши чоғида жисмоний куч ишлатиш, махсус восита ва ўқотар қуролини фойдаланиши шартлари, тақиқлари ҳамда ходимларнинг ҳуқуқ, мажбурият ва жавобгарлиги белгиланди;
- божхона органларининг доимий яшаш жойидан узоқда хизмат қилувчи ходимларга ижара компенсацияси тўлаш, уй-жойга муҳтож ва кўп йил бенуқсон хизмат қилган ходимларга уй-жой қуриш ёки квартира харид қилиш учун имтиёзли кредитлар, ер участкалари ажратиш ҳақидаги нормалар киритилди;
- божхона органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига тиббий муассасалар бепул тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий таъминот билан таъминлашнинг ҳуқуқий асослари белгиланди.