August 19, 2019

ЕРНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ БИЗГА НИМА БЕРАДИ?

Эндиликда Ўзбекистон фуқаролари ўзларининг уйлари, корхоналари ва бошқа мулклари жойлашган ерни хусусийлаштириб олиш имконига эга бўлдилар.

Куни кеча қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун, қўрқмай айтиш мумкинки, тарихий ҳужжат бўлди. Чунки шу пайтгача бизда ер давлатники, ҳаммамиз ундан у ёки бу тарзда фойдаланувчи эдик, холос.

Тарихга назар ташласангиз, ўзбекнинг қўлидан ер тортиб олинган колхозлаштириш давридан бери биз ердан фойдаланувчи бўлиб келганмиз. СССРнинг сўнгги йилларида ва Мустақиллик даврида ерни хусусийлаштиришга бир неча марта уриниш бўлган, аммо бу уринишлар турли сабабларга кўра муваффақиятли якунланмаган.

Мана, ниҳоят, ҳукуматнинг бу масаладаги қатъий сиёсати ҳамда ижтимоий-иқтисодий шароит тақозоси билан ерларни хусусий мулк сифатида расмийлаштириш имкони пайдо бўлди.

Бу нима дегани?

Ерни хусусийлаштиришнинг аҳамияти икки муҳим омил орқали намоён бўлади.

1. Маънавий омил.

“Эр киши ер сотмайди, ер сотган эр бўмайди”, деган Мирзакаримбой ҳақ эди – ер мулклар орасида энг салмоқлиси ва энг қадрлиси эканини кекса савдогар яхши билган. “Қайдан билсин от қадрин от минмаган эркаклар” (М.Юсуф) деганларидек, юз йилдан ортиқ ерга эгалик нималигини билмаган миллат бу ҳужжатнинг қадрию аҳамиятини тўлиқ англамаётгандек. Аслида, бу тарих китобларига муҳрланадиган, келгусида ҳужжат қабул қилинган кун “кун тарихи” рукнида биринчи навбатда эсга олинадиган санадир.

Ернинг хусусий мулкка айланиши маънавий томондан фуқарога катта ишонч беради. Хусусий ерга кишининг меҳри бошқача бўлади. Ер эгаси ўзини оёқда маҳкам тургандек ҳис қилади, узоқ келажакка доир режалар тузади ва истиқболини аниқроқ кўра бошлайди.

Қолаверса, айрим катта тўралар томонидан энди “Ер сеники эмас, давлатники” деган иддаолар бўлмайди. Ўз уйингизда ижарада тургандек яшамайсиз.

2. Иқтисодий омил.

Ҳеч бир ишлаб чиқариш ерсиз амалга ошмайди, чунки ҳар қандай корхона бир парча ер устига жойлашган бўлади. Ер – худди капитал, энергия, ахборот сингари иқтисодий омил. Олайлик, ишчи кучи арзон, техника қиммат бўлса, тадбиркор қиммат техника сотиб олишдан кўра кўпроқ ишчи ёллашга ҳаракат қилади. Худди шундай, корхонаси қиммат ерда жойлашган бўлса, уни сотиб, ишни арзон ерга кўчиришга ҳаракат қилади, чунки ернинг нархи ҳам маҳсулот таннархига таъсир қилади. Демак, ер хусусийлашса, тадбиркор ҳам, жамият ҳам фойда кўради (шаҳарнинг марказида ишлаб чиқариш корхоналари бўлмайди, масалан).

Ерга ким эгалик қилади? Албатта, ундан кўп фойда олишга қодир бўлган, шу сабабли ер учун бозорда энг юқори нарх бера оладиган шахс. Таъкидлаш жоиз, у пули кўп бўлгани учун ерни қиммат баҳога сотиб олмаяпти (нормал шароитда тадбиркор пулни банкдан кредитга олади, ҳатто шу ерни гаровга қўйиб бўлса ҳам), балки у шу ер участкасида фойдали бизнесни йўлга қўя олишига кўзи етгани учун сотиб оляпти. Демак, ерга эгалик ердан фойдаланувчиларни маконда оқилона, ўз ўрнида жойлаштириш учун туртки бўлади.

Шунингдек, ер хусусий мулкка айлангач, ўз-ўзидан ер бозори пайдо бўлади, худдики бир пайтлар уй-жой хусусийлашгач, уй бозори пайдо бўлганидек. Демак, ернинг ҳақиқий бозор баҳоси шаклланади.

Бундан ташқари ерни гаровга қўйиш, ижарага бериш каби имкониятлар пайдо бўлади, яъни ер иқтисодий муомала объектига айланади.

Оддий фуқаро ҳаётида нима ўзгаради? Биринчи навбатда, унинг хусусий мулки мустаҳкам ҳимояга эга бўлади.

Бугунги “буз-қур” замонида уй-жойларни давлат эҳтиёжи учун олиб қўйиш, обод шаҳарлар ва маҳаллалар қуриш асносида хусусий мулк дахлсизлиги масаласи бирмунча муаммога айлангани сир эмас. Одамлар ернинг эмас, фақат унинг устига қурилган бинонинг мулкдори бўлгани ҳолда, баъзан шу бинонинг ҳам товон пулини ололмай сарсон бўляпти. Шундай шароитда фуқароларнинг мулкини ҳимоя қилиш учун уни мутаҳкам заминга боғлаб қўйиш имкони пайдо бўлди.