1 январдан нималар ўзгаради?
2-қисм. Божлар миқдори пасаяди, солиқ имтиёзлари берилади
1. 2020 йил 1 январдан тажриба тариқасида айрим давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва ҳудудларда, 2021 йил 1 январдан бошлаб эса республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат хизматига қабул очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилади.
2. Давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари:
- республика, вилоятлараро ННТлар учун - БҲМнинг 4 бараваридан 3 бараваригача;
- вилоят ННТлари учун – БҲМнинг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилади.
3. “Баркамол авлод” болалар мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкалари:
- директор ва директор ўринбосарлари учун 1,55 бараварга, тўгарак раҳбари учун 1,5 бараварга оширилади;
- инструктор-услубчилар ва услубчилар меҳнатига ҳақ тўлаш базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб амалга оширилади ҳамда уларнинг базавий тариф ставкалари тўгарак раҳбарлариникига тенглаштирилади.
4. Ялпи тушумнинг умумий ҳажмида тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларининг экспорти 60 фоиздан кам бўлмаган экспорт улушига эга бўлган корхоналар 2023 йил 1 январгача мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади.
Тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал, ва мўйначилик корхоналарининг фойда солиғи бўйича солиққа тортиладиган базаси етти йил давомида тенг улушларда замонавий тозалаш ва канализация иншоотларини қуриш бўйича xаражатлар суммасига камайтирилади.
Чорва молларини сўйиш бўйича замонавий автоматлаштирилган мажмуаларни ишга тушираётган ташкилотлар ва терини қайта ишловчи корхоналар 2023 йил 1 январгача ер солиғи тўлашдан озод этилади.
“Ўзтўқимачиликсаноат” ва “Ўзчармсаноат” уюшмаларининг хорижий консультантлари Ўзбекистон Республикасидаги даромад манбалари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини унинг белгиланган ставкасидан 50 фоиз миқдорида тўлайди.
5. Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқаролари учун ташувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бўлинмаларига йўловчилар тўғрисида дастлабки маълумотларни ўз вақтида тақдим қилган ҳолда қайтиш авиачиптаси мавжуд бўлган шартларда мамлакатимиз халқаро аэропортлари орқали 7 кундан кўп бўлмаган муддатга Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби белгиланди.
6. Қуйидаги янги нотариал ҳаракатлар жорий этилади:
- фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлаш;
- мулкий ва мерос масалаларида медиатор вазифаларини бажариш;
- муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектининг тақдим этилган вақтини тасдиқлаш.
Қуйидаги қулайликлар яратилади:
- кўчмас мулклар бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда МИБнинг ваколатларига кирадиган коммунал хизматлар бўйича қарздорликлар ҳақида маълумотлар фақат Бюронинг ахборот тизими орқали онлайн режимда текширилади;
- агар тарафлар турли ҳудудларда бўлса, ўша ҳудуддаги нотариал идорада туриб видеоконференцалоқа орқали битимларни нотариал тасдиқлаши мумкин;
- очиқ ахборот тизимидаги айрим ҳужжатларнинг электрон шакли мулкни бегоналаштириш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатларни амалга оширишда ҳужжатнинг қоғоз шакли билан тенг ҳуқуқий кучга эга бўлади;
- республика ҳудудида нотариал тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар нотариусга тақдим этилмасдан туриб, уларни ноёб рақам орқали текшириш мумкин бўлади;
- нотариусга мурожаат этишда электрон навбат олиш ва ҳужжатларни олдиндан тайёрлаб қўйиш хизмати жорий этилади;
- нотариал архивда мавжуд бўлган ҳужжатлар нусхасини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкони яратилади.
7. Дорилар ва тиббий буюмларнинг савдо жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видео-ёзувларни сақлаш мазкур фаолият учун лицензия талаби ҳисобланади ва талабнинг мунтазам бир йил давомида бир мартадан кўп бузилиши лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлади.
8. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг инвестициялар ва давлат-хусусий шериклар масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилади.
Қўмита тизимига кирувчи бюджет ташкилотлари ходимларининг лавозим маошлари 1,5 коэффициентга оширилади.
9. Жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектрик станциялари, қуёш сув иситкичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ:
- қуёш фотоэлектрик станциялари учун – 3 миллион сўмдан;
- қуёш сув иситкичлар учун – 1,5 миллион сўмдан;
- газ-горелкали қурилмалар учун – 200 минг сўмдан ошмайдиган миқдорда компенсациялар тақдим этилади.
10. “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” (“UzTest” )га айлантирилади.
11. Туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республика ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда, 20 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 50 АҚШ доллари миқдорида қоплаб берилади.
Хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида аудиовизуал маҳсулотлар (кино, теле ва видеофильм, клип, мультфильм, анимелар) яратишдаги харажатларининг бир қисми (“rebate”) битта маҳсулот учун 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.
Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари тўғрисидаги тўлиқ метражли бадиий, қисқа метражли бадиий, хроникал ҳужжатли фильмларни суратга олиш учун 3 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади.
Тадбиркорлик субъектларининг республика ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) чет эл таомларига ёки алоҳида йўналишга ихтисослаштирилган мавзули овқатланиш шохобчаларини, шунингдек, “караоке” заллари ва туристик қўнгилочар муассасаларни ташкил этиш харажатларининг бир қисми ҳар бир лойиҳа учун 10 миллион сўм миқдорида қопланади.
Тасдиқланадиган рўйхат бўйича моддий маданий мерос объектлари ҳудудларига 5 тоннадан юқори вазнга эга катта ҳажмли автотранспорт воситаларининг киришига чеклов қўйилади.
ЮНЕСКО рўйхатига киритилган маданий мерос объектлари ва давлат муҳофазасига олинган ёдгорликлар ҳудудида фақат мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сувенир маҳсулотлари сотилади.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қуйидаги ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилади:
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш;
- жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш.
13. Юридик шахслар – суғурта брокерлари ва суғурта агентлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси комиссия мукофотининг 13 фоизи миқдорида белгиланади.
Суғурта ташкилотининг бошқа суғурта ташкилотлари устав фондларида иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Суғурта захираларининг минимал даражаси белгиланади.