June 7, 2018

Ногиронлиги бўлган шахслар олий таълим муассасаларига қўшимча квота бўйича давлат гранти асосида қабул қилинади

Президентнинг 2017 йил 1 декабрдаги ПФ-5270-сон фармонига мувофиқ 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квота ажратиш тартиби жорий этилган эди.

2018 йил 2 июндаги Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги Ҳукумат қарори билан қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталарининг тақсимот қилиш тартиби белгиланди.

Қарорга кўра ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли квоталарининг тақсимоти олий таълим муассасалари томонидан шакллантирилади.

Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилиш тоифасига умумий ўрта таълим ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатга ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган тартибда берилган шаклдаги маълумотномага эга шахслар киради.

Қабул жараёнида олий таълим муассасаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармаси вакилларидан иборат таркибда олий таълим муассасасида ногиронлиги бўлган шахслардан ҳужжатлар қабул қилиш комиссияси ташкил этилади.

Абитуриент олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига тақдим этиши лозим бўлган хужжатларга қўшимча равишда ногиронлиги бўлган шахслар ногиронликни тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини шахсан (ёки ишончли вакили томонидан) кўрсатган ҳолда, нусхасини тақдим этиши талаб этилади.

Қабул комиссияси томонидан кириш имтиҳонлари ўтказиладиган бино ва аудиторияларда ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратилади.

Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон) олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича белгиланган тартибларга мувофиқ топширилади.

Кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган ногиронлиги бўлган шахслар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталари доирасида талабаликка тавсия этилади.