June 20, 2018

“Давлат мулки объектларини сотиш ва давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон савдолар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди

Мазкур қарор билан “Давлат мулки объектларини сотиш ва давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон савдолар ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Ушбу Низом электрон шаклда ўтказиладиган аукционлар ва танловлар воситасида масъулияти чекланган жамиятларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) давлат улушларини, давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тартибини ҳамда давлат мулкини нодавлат юридик ва жисмоний шахсларга ижарага бериш тартибини белгилайди.

Низомга мувофиқ, савдоларни ўтказиш учун сотувчи (ижарага берувчи):

  • оператор билан веб-порталда савдоларни ўтказиш бўйича электрон хизматлар кўрсатилиши бўйича шартнома тузади;
  • аукцион (танлов) санасини белгилайди;
  • очиқ аукцион (танлов) ўтказилишидан камида ўттиз кун олдин, объектларни ижарага бериш ҳолатларида эса — аукцион ўтказилишидан камида 15 кун олдин «Биржа» газетасида ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг даврий матбуот нашрларида ҳамда ўзининг расмий веб-сайтида очиқ аукцион (танлов) тўғрисидаги билдиришномани эълон қилади.

Аукцион иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун веб-порталда савдоларда иштирок этиш учун белгиланган шаклда буюртманомани рўйхатдан ўтказиш лозим.

Буюртманома ЭРИ (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланади ва унга закалат киритилганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг электрон (сканер қилинган) нусхаси илова қилинади.

Бунда тўлов ҳужжатининг тўлов мақсади катагида ушбу лот бўйича закалат киритилган лотнинг рақами кўрсатилиши керак.

Бир нечта аукцион (танлов) объектлари бўйича закалатни киритиш алоҳида тўлов ҳужжатлари билан амалга оширилади.

Ушбу танловда (аукционда) иштирок этиш учун аризалар берган иштирокчиларга, электрон почта ва (ёки) СМС-хабар бериш орқали танлов (аукцион) натижалари тўғрисида хабарнома автоматик тарзда юборилади

Олди-сотди (ижара) шартномасини тузишдан бош тортган ёки уни рад этган аукцион (танлов) ғолибига унинг томонидан киритилган закалат миқдори қайтарилмайди.

Аукционлар иш куни давомида, соат 09:00 дан соат 18:00 гача бўлган вақт оралиғида ўтказилади.

Савдолар биринчи аукцион (танлов) ўтказилиши санасидан бошлаб 2 ой ичида ўн беш иш кунида бир марта даврийлиги билан ўтказилади.