Бухорода 6 600 дан зиёд янги иш ўрни яратилади
Ҳукумат қарори билан 2018–2019 йилларда Бухоро вилоятининг Жондор, Пешку, Ромитан ҳамда Шофиркон туманларини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурлари тасдиқланди.
Дастур доирасида ҳар бир туман кесимида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлар, шунингдек қурилиш материаллари, енгил саноат ва бошқа саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, янгидан барпо этиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, хизматлар соҳаси ва сервисни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасининг янада барқарор ривожланишини таъминлаш, ижтимоий соҳа инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича инвестиция лойиҳалари тасдиқланди.
Хусусан, Жондор туманида 296 та, Пешкуда 286 та, Ромитанда 196 та ва Шофирконда 211 та лойиҳанинг амалга оширилиши, бу орқали эса 6 604 та янги иш ўрни яратилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, Жондор туманида ун маҳсулотларини, ғўзапоядан ДСП ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, Пешку туманида неврология, кардиология, УТТ, ЛОР, умумий хирургия ва клиник лаборатория хизматларини жорий этиш, Ромитан туманида жинси мато ва маҳсулотларини ишлаб чиқариш дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирлар сирасига киради.