Адлия вазирлиги коррупцияга қарши курашишда вазирликлар орасида етакчи
Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши фаолияти бўйича рейтинги аниқланди.
Эътиборли жиҳати, Адлия вазирлиги мазкур рейтингда коррупцияга қарши курашда юқори самарадорликка эришган давлат органлари қаторидан ўрин олди.
Вазирлик ўз тизимида жамият тараққиётига, фуқаролар манфаатларига путур етказувчи коррупциядек иллатдан қутилиш учун аёвсиз кураш олиб бормоқда.
Хусусан, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида адлия органлари ва муассасалари томонидан 7 071 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, 181 та телевидения, 253 та радио, 291 та газета ва журналда чиқишлар қилинди. 2 226 та ўтказилган тадбирларда маърузалар қилинди. 2 266 та давра суҳбати, 948 та семинарлар, 1 та илмий амалий конференция ташкил қилинди.
Соҳага доир 2 та ўқув қўлланма, 8 та рисола тайёрланди. 593 нусхада 133 та плакат, 11 112 та нусхада 104 та буклет тайёрланди.
Тизимда коррупция ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида бир қатор ички директив ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, фуқароларга давлат хизматлари кўрсатувчи ходимларнинг ўз ишига қанчалик ҳалол ва виждонан ёндашаётганини аниқлаш мақсадида 2018 йил 23 февралда тегишли буйруқ қабул қилиниб, мунтазам равишда “сирли мижоз” тадбири ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида адлия органлари томонидан 172 та “сирли мижоз” тадбирлари ўтказилиб, уларнинг натижаси бўйича 64 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 4 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Давлат нотариал идоралари, ФҲДЁ органлари ва давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган хизматлар сифатига баҳо бериш учун 428 та рейдлар ўтказилиб, натижада 225 нафар ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилди (198 нафар ходимга “ҳайфсан”, 24 нафар ходимга “жарима”, 3 нафар ходим эгаллаб турган лавозимдан озод қилинди).
Ходимларни одоб-аҳлоқ қоидалари ҳамда жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишга ишонтириш, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ва ҳуқуқий оқибатларини ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликни тушунтириш мақсадида 942 нафар ходимлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Бундан ташқари, нотариат тизимида юзага келаётган коррупцион ҳолатларни олдини олиш ва уларга қарши кескин курашиш мақсадида 2018 йил 1 февралдан бошлаб нотариал ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун тўловларни электрон мобил иловалар орқали тўлаш тизими жорий этилди.
Бунда тўлов квитанциялари “Биллинг” тизими орқали автоматик равишда шакклантириб, чиқариб берилади.
Тўлов амалга ошираётган шахс қанча тўлаши кераклигини тўловни амалга оширмасдан тўлов квитанциясига қараб билиб олиши ва эътирози бўлса нотариуснинг ўзига ёки “1008” ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.
Коррупцияга қарши ҳолатларни олдини олиш мақсадида республикадаги барча нотариусларига ўзлари томонидан ундирилган пуллик хизматнинг 80 фоизи миқдорида қўшимчаустамалар бериб келинмоқда.
Ходимлар хатти-ҳаракатларидан норозилик ҳақида келиб тушган мурожаатлар таҳлили вазирликнинг кенгайтирилган йиғилишларида муҳокама қилиниб, ходимларнинг рейтинги шакллантирилмоқда. Рейтингга хато ва камчиликларга йўл қўяётган, устидан аҳоли шикоят йўллаётган, ижтимоий тармоқларда танқидга учраётган, фуқароларнинг мурожаатларига бефарқ қараётган ходимлар киритилади. Бу рейтинг таъбир жоиз бўлса, катта чуқурлик. Ундан чиқишни эплай олмаганлар адлия ходими бўлишга лойиқ эмас. Соҳада фақатгина халққа фидойилик билан ҳалол хизмат қиладиганларгина фаолиятини давом эттира олиши учун барча чоралар кўрилади.