Бу йилги тест синовлари қандай ўтказилади?

by @huquqiy_axborot
Бу йилги тест синовлари қандай ўтказилади?

Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ҳукумат қарорига кўра абитуриентлар тест синовларига кириш учун рухсатномани (ДТМ) ҳужжатларни рўйхатдан ўтказишнинг муддати якунланганидан сўнг, икки ҳафта муддатда қабул комиссиясидан ёки Давлат тест марказининг расмий веб-сайтидан олади.

Тест синовлари кундузги ва кечки (сменали) таълим шакли учун ҳар йили июль — август ойларида, қоида тариқасида, кунига икки сменада ўтказилади. Биринчи смена соат 08:00 да, иккинчи смена соат 15:00 да бошланади.

Абитуриент тест синовлари ўтказиладиган куни бинога тегишли ҳудудга соат 07:00 (иккинчи смена соат 14:00) гача, бинога соат 07:30 (иккинчи смена соат 14:30) гача фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорти билан шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмалари орқали тартибли равишда киритилади.

Абитуриент тест синовлари бошланганидан сўнг бинога тегишли ҳудудга киритилмайди.

Абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади.

Абитуриент учун мазкур сана ва вақт қатъий ҳисобланиб, унга бошқа сана ва вақтда тест синовларида иштирок этиш учун рухсат берилмайди.

Тест топшириқлари умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади.

Олий таълим муассасасида танланган таълим йўналишига қараб абитуриентлар белгиланган тартибда тасдиқланган фан мажмуалари бўйича тест синовларидан ўтадилар.

Тест топшириқлари китобидаги мавжуд ҳар бир фан 30 тадан тест топшириғини ўз ичига олади.

Тест топшириқларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) 30 та тест топшириғига 1 соат, 60 та тест топшириғига 2 соат, 90 та тест топшириғига 3 соат вақт белгиланади.

Абитуриент қуйидаги ишларни амалга оширишга мажбур:

  • тест материаллари нуқсонсизлигини текшириш ва нуқсон борлиги аниқланса, дарҳол гуруҳ назоратчисига хабар бериш;
  • жавоблар варақаси тўғри тўлдирилишини таъминлаш;
  • тест топшириқлари китоби муқовасида ва жавоблар варақасида кўрсатилган тегишли жойларни расмийлаштириш.

Абитуриент қуйидагиларга шахсан жавобгар ҳисобланади:

  • жавоблар варақасини ҳаво ранг пастали шарикли ручка билан тўлдириш;
  • жавоблар варақасини букмаслик, маркер чизиғига ёзмаслик, жавоблар варақаси рақами остида жойлашган доирачаларни бўямаслик;
  • жавоблар варақаси билим даражасини белгиловчи асосий ҳужжат бўлганлиги учун уни тўғри тўлдириш;
  • белгиланган вақт тугагунига қадар тест топшириқлари китобида мавжуд тест топшириқларини бажарган ҳолда жавоблар варақасининг мос тартиб рақамидаги тегишли доирачаларини бўяб, тест топшириқлари китобини ва унга мос бўлган жавоблар варақасини гуруҳ назоратчисига топшириш.

Ҳар бир тест топшириғига 4 тадан («А», «В», «С», «D») муқобил жавоблар берилади.

Абитуриент томонидан ҳар бир тест топшириғига фақат битта жавоб белгиланиши шарт бўлиб, тест топшириқлари китобида тўғри деб ҳисобланган жавобларни жавоблар варақасидаги мос тартиб рақамли доирачадан биттасини бўяйди (жавоблар варақасида бўялган жавобларни ўзгартириш мумкин эмас). Агар, жавоблар варақасидаги «белгилаш учун намуна» қоидасига риоя этилмаса, жумладан, битта тест топшириғига жавоблар варақасида тегишли доирача бўялмаса ёки икки ва ундан ортиқ доирача бўялса ёхуд тўлиқ бўялмаса ушбу тест топшириғига балл берилмайди.

Қуйидаги ҳолларда абитуриент тест синовлари жараёнидан четлаштирилади ва натижалари чиқарилмаслигига асос бўлади:

  • тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан тест синовлари давомида фойдаланса;
  • тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки уларга ёрдам берса;
  • тест синовлари жараёнида бир-бири билан гаплашса;
  • тест материалларини бинодан ташқарига олиб чиқса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса;
  • тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортса;
  • тест синовлари жараёнида видеокузатувлар орқали абитуриентнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги аниқланса.

Абитуриентнинг тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

July 29, 2019
by @huquqiy_axborot