Айрим кимё саноати корхоналаридаги давлат улуши хусусий инвесторларга сотилади

Ўзбекистон Республикасида кимё саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди

Қарорга мувофиқ 2018-2030 йилларда кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 4,5 баробарга ошириш, Ўзкимёсаноат” АЖ фаолиятида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва модернизация қилиш, бошқаришда замонавий усулларни жорий қилиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида:

  • “Фарғонаазот” АЖ ва “Қўқон суперфосфат заводи” АЖни хорижий инвесторларга сотиш мақсадида 2018 йил 30 декабрга қадар ушбу жамиятларнинг активлари мустақил баҳоланади;
  • Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш заводини қуриш бўйича кимё соҳасида тажрибага эга хорижий компания билан истисно тариқасида тўғридан-тўғри музокаралар асосида шартнома тузилади;
  • Навоий вилоятида фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш комплексини қуриш бўйича 2019 йил август ойига қадар хорижий ташкилот томонидан инвестициявий лойиҳани амалга ошириш концепцияси ишлаб чиқилади;
  • “Самарқандкимё” АЖ, “Электркимёзавод” ҚК АЖ ва “Жиззах пластмасса” АЖнинг устав капиталидаги давлат улуши ва “Ўзкимёсаноат” АЖ улуши, шунингдек, “Фарғонаазот” АЖнинг устав капиталидаги давлат улуши хусусий инвесторларга бозор қийматида сотилади;
  • “Ўзкимёсаноатлойиҳа” АЖнинг устав капиталидаги давлат улуши номинал қийматда ва “Навоий КМК” ДКнинг Қизилқум фосфорит комбинати мулк комплекси қолдиқ баланс қийматида “Ўзкимёсаноат” АЖ устав капиталига давлат улуши сифатида киритилади;
  • “Фарғонаазот” АЖнинг 3-сон саноат майдончасидаги умумий майдони 6,5 гектар бўлган фойдаланилмаётган объектлар (цехлар, объектлар ва уларга туташ ҳудудлари билан) “ноль” қийматида сотилади;
  • 2020 йилдан бошлаб “Ўзкимёсаноат” АЖ таркибига кирувчи акциядорлик жамиятлари томонидан йиллик молиявий ҳисоботлар эълон қилиш ва уларни Халқаро аудит стандартлари ва Халқаро молиявий ҳисоботлар стандартларига мувофиқлиги юзасидан ташқи аудитдан ўтказиш тартиби жорий этилади.