1 январдан нималар ўзгаради?
1-қисм. Қисқараётган ҳужжатлар ва ваколатлар
1. Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш учун жавобгарлик бошқарув органларига юкланади. Давлат харидлари бўйича топшириқлар ва импорт контрактлари “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази”да экспертизадан ўтказилмайди.
2. 100 бошли чорва ва 100 минг парранда бўлган хўжаликларда ветеринария врачи ва зоотехник штати жорий этилади.
Қорамолчилик йўналишидаги хўжаликлардаги ҳамда аҳоли қарамоғидаги сигирлар селекция режасига асосан наслли буқалар уруғи билан сунъий уруғлантирилади.
Туман ҳокимлари келгуси йилга озуқа экинларини жойлаштириш режасини “Ўзбекчорванасл” агентлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишади.
3. Республиканинг барча ҳудудларидаги кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотлар Реестрга фақат электрон шаклдаги кадастр паспорти тайёрланганидан кейин нотариуслар томонидан электрон киритилади ва мулкдорга Реестрдан кўчирма берилади.
4. Қуйидагилар кадастр органларига электрон юборилади:
- банклар томонидан уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини ҳамда ипотекани давлат рўйхатидан ўтказишда уй-жойни қабул қилиб олиш далолатномаси ва бошқа зарур ҳужжатлар;
- Давлат активларини бошқариш агентлиги ва риэлторлик ташкилотлари томонидан кўчмас мулк объектини “E-IJRO AUKSION”да сотиш ва риэлторлик хизматлари кўрсатиш орқали вужудга келган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур маълумотлар.
5. Тут дарахтларини ғайриқонуний кесганлик, шикастлаганлик ёки йўқ қилганлик учун ундирилган жариманинг 50 фоизи ҳуқуқбузарлик содир бўлган ҳудудда янги тут кўчатлари экиш учун йўналтирилади.
6. Қора металлар прокатини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган индукцион печлар ва камераларга нисбатан тегишли божхона имтиёзлари татбиқ этилмайди.
7. Оғир ва йирик габаритли автомобилларнинг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш, уларнинг автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиши учун йиғим ундириш ва ҳаракатланишига рухсатнома бериш Автомобиль йўллари қўмитаси (Қўмита) томонидан амалга оширилади.
Йўл ҳаракатини тартибга солишнинг техник воситалари ва уларнинг конструкциялари, шу жумладан фото- ва видеоқайд этиш техник воситалари Қўмита билан келишилган ҳолда ўрнатилади.
Автомобиль йўлларининг қатнов қисмларига узунасига жойлашган муҳандислик коммуникацияларининг янги тармоқларини лойиҳалаштириш ва ётқизиш тақиқланади, уларнинг автомобиль йўллари билан кўндаланг кесишиши бундан мустасно.
8. Автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, йўл-қурилиш ишларини техник назорат қилиш учун янгидан бошланадиган объектлар бўйича шартномалар фақат давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказиладиган танлов (тендер) якунлари бўйича тузилади.
Йўл-қурилиш ишлари бўйича консалтинг хизматлари (техник назорат) мустақил ташкилотлар томонидан амалга оширилиши мумкин.
Тошкент шаҳри кўчаларини қуриш ва таъмирлаш бўйича буюртмачининг функцияларини синов тарзида Тошкент шаҳар ҳокимлиги амалга оширади.
9. 2020 йил 1 январдан бошлаб, нефть битумининг йўлларга мўлжалланган маркаларини сотиш соҳасида фоалият олиб бориш ҳуқуқи учун лицензия олиш талаб этилмайди.
10. Ҳокимликларнинг алоҳида функция ва ваколатлари тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилади.
Ҳокимликларнинг бир қатор функция ва ваколатлари чиқариб ташланади.
Давлат органлари ва ташкилотлари жами 28 турдаги ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилиши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан эса уларнинг берилишига йўл қўйилмайди.
Президент ва Ҳукумат ҳужжатлари билан тузилган (рўйхати мазкур қарорда келтирилган) идоралараро коллегиал органлари тугатилади.
11. Айрим хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятли корхоналар харидларни амалга оширишдан олдин давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида эълон жойлаштиради.
12. Тажриба-синов тариқасида 10 та олий таълим муассасалари ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади.
13. Аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўриладиган зарарлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қопланади.