January 17, 2019

Мўйноқ замонавий шаҳарчага айлантирилади

Қорақалпоғистон Републикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Мўйноқ тумани барча зарурий инфратузилмага, жумладан, инновацион мактаб, спорт объектлари, даволаш-профилактика муассасалари, замонавий аэропорт, меҳмонхона, савдо ва кўнгилочар дам олиш марказлари, “селфи объект”лари, оптик толали Интернет тармоғи, IP-телевидениега эга бўлган замонавий шаҳарчага айлантирилади.

Қарор билан 2019–2021 йилларда Мўйноқ туманини жадал комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастур, шунингдек саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, 2024 йил 1 январга қадар туманда давлат рўйхатидан ўтиб фаолият юритаётган тадбиркорлар қуйидагилардан озод этилади:

ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловларидан;

четдан келтириладиган қурилиш материаллари божхона тўловларидан;

четдан келтириладиган асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловларидан.

Шунингдек, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга олиб кирилаётган транспорт воситаларидан бож тўловларини тўламасдан фойдаланиш ҳуқуқи берилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан туманнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича тайёрланган реклама маҳсулотларини Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги телерадиоканалларда намойиш этиш бепул амалга оширилади.

Қарорга кўра, туман ҳокимига 2022 йил 1 январгача аукцион ўтказмасдан, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали ер участкаларидан вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини 50 йил муддатга “ноль” харид қийматида сотиш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари, Мўйноқ туманини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

Қарор билан тасдиқланган дастурга кўра, 2019–2020 йилларда жами 160 ўринли 3 та мактабгача таълим муассасаси, 200 ўринли 8 та оилавий боғча фаолиятини йўлга қўйиш, 315 ўқувчига мўлжалланган ва дастурлашни чуқур ўргатишга ихтисослашган инновацион мактаб, камида 2 минг ўринли амфитеатр, янги 42 та кўп квартирали уйлар қуриш режалаштирилган.

Шунингдек, қарор билан тасдиқланган манзилли рўйхатга асосан саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида жами 75 та истиқболли инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши белгиланган.