October 31, 2019

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тасдиқланди

“2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этилди.

Мораторий 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача амал қилади.

Мораторий амал қилиш даврида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига рухсатнома бериш ман этилади.

Мораторий қуйидагиларга жорий этилмайди:

  • табиий омиллар ёки зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари таъсирида зарарланган, қуриб бораётган ёки қуриб қолган, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф туғдирувчи дарахтлар ва буталарни санитар кесиш ва қирқишга;
  • ёғоч ва мевалар олиш учун ўстирилаётган дарахтлар ҳамда буталарни (терак ва тез ўсувчи бошқа навлар, тут плантациялари, мевали дарахтлар ва буталар) кесишга;
  • плантацияларда ўстирилаётган ва/ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки ҳисобланган дарахтлар ҳамда буталарни кесишга.

Шунингдек, қуйидагилар ман этилди:

  • 2020 йил 1 январдан бошлаб “Евро-4”дан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисини ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга тушириш;
  • 2022 йил 1 январдан бошлаб “Евро-3”дан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисини, 2023 йил 1 январдан бошлаб эса “Евро-4”дан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисини “вақтинча олиб кириш” ва “эркин муомала (импорт) учун чиқариш” божхона режимига жойлаштириш;
  • 2022 йил 1 январдан бошлаб заҳарлилик даражаси “Евро-4” экологик тоифа талабларига мос келмайдиган газ, бензин ва дизель двигателлари билан жиҳозланган “М” ва “N” тоифаларидаги ғилдиракли транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни сотиш мақсадида “вақтинча олиб кириш” ва “эркин муомала (импорт) учун чиқариш” божхона режимига жойлаштириш.

Фармон билан 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси ва Концепцияни 2019-2021 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Концепцияда атроф-муҳит объектларини салбий таъсир қилувчи омиллардан сақлаш ва сифатини таъминлаш каби бир қатор чора-тадбирлар назарда тутилди.

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг раиси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг бошлиқлари ҳар йили ҳудудда атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳолати тўғрисида тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳисобот тақдим этади;
  • экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида назорат бўйича туман (шаҳар) инспекцияларининг бошлиқлари ҳар йили туманда (шаҳарда) атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳолати тўғрисида тегишли равишда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ҳисобот тақдим этади.

Шу билан бирга, Фармонга кўра, Давлат экология қўмитасининг ёввойи ҳайвонларни овлашга ва ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланишга рухсатномалар бериш бўйича ваколатлари Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларига берилди.

2020 йил 1 октябрга қадар халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда “Чиқиндилар тўғрисида” янги таҳрирдаги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.