Ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларига қандай имтиёзлар бор?
1. Ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болаларига болани давлат боғчаларига ҳамда давлат-хусусий шерикликка асосланган нодавлат боғчаларга қўйишда имтиёзлар берилади.
Бунда ҳарбий хизматчиларнинг болаларига боғчада бўш ўринлар мавжуд бўлганда биринчи навбатда йўлланма берилади.
2. Қуролли Кучларнинг ҳарбий хизматчиларига турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари берилади.
Турар жой сотиб олиш (қуриш) учун ҳарбий хизматчилар томонидан ипотека кредити олинишида уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 25 фоизи миқдоридаги дастлабки бадал тегишли идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва тегишли идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига киритилади.
3. ОТМга кириш учун тасвиянома олган ҳарбий хизматчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- республиканинг ОТМдаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра ўзлари тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз;
- республиканинг ОТМлари (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриатига ўқишга кириш учун ОТМларга қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш.
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарурий билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга ОТМга ўқишга кириш учун тавсияномалар берилади.
Тавсиянома берилган санадан бошлаб 3 йил мобайнида амал қилади.
4. Ипотека кредити бўйича дастлабки бадал улар учун киритилган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига хизмат турар жойидан (мавжуд бўлганда) фойдаланиш ҳуқуқи ёхуд тўлиқ 12 ойгача бўлган муддатда турар жой ижарага олинганлиги (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси олиш ҳуқуқи берилади.
5. Ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани(ўн олти ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилади.
6. Турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда талабалар ўқишини кўчириш баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин.
- ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш – ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар;
- ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш – ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.
7. Қонунчиликка кўра, Ўзбекистон ОТМ талабаларига ҳарбий хизматни ўташ учун академик таътил берилиши мумкин.
8. Ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.
9. Ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслар амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга.
10. Ярадор бўлган ҳарбий хизматчилар, ишчилар ва хизматчилардан 1 ва 2-гуруҳ уруш ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахсларга темир йўлларда йилига бир марта бепул юриш ҳуқуқи (бориш ва келишга) тақдим қилинган.
11. Ҳарбий хизмат вазифаларини бажаришда ногирон бўлиб қолган Қуролли Кучларнинг контракт бўйича ҳарбий хизматчилари фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар берилади.