Корпоратив муносабатларга киришишда ортиқча тўсиқларни яратувчи қоида ва мажбурий талаблар бекор қилиниши кутилмоқда
Тадбиркорлар, хўжалик жамиятларининг муассислари (акциядорлари) ва бошқарув ходимлари учун муҳим янгилик.
Адлия вазирлиги томонидан корпоратив муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳа билан юридик шахсларни қайта ташкил этишда юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш, хўжалик жамиятлари иштирокчилари ва ижро органи масъулиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини янада кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар назарда тутилмоқда.
Хусусан, лойиҳа билан хўжалик жамиятларини оммавий ва оммавий бўлмаган жамиятларга таснифлаш таклиф этилмоқда.
Бунда хўжалик жамиятлари ўз уставларига оммавий жамият ҳисобланиши тўғрисида ўзгартириш киритиш орқали қайта рўйхатдан ўтказишда давлат божи тўлашдан озод этилиши таклиф этилган.
Шунингдек, корпоратив муносабатларга киришишда ортиқча тўсиқларни яратувчи қоида ва мажбурий талабларни бекор қилиниши мумкин.
• хўжалик жамиятларининг таъсис шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилмайди;
• хўжалик жамиятларида тафтиш комиссияси (тафтишчи) мажбурий бўлмайди;
• активларининг баланс қиймати 1 млрд сўмдан кўп бўлган корхоналарда, шунингдек, активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 минг каррасидан кўп бўлган акциядорлик жамиятларида ички аудит хизматларини ташкил этиш мажбурий бўлмайди;
• МЧЖ ижроия органи ваколатларини юридик шахсга (ишончли бошқарувчига) бериш бўйича тақиқ бекор бўлади;
• юридик шахс ҳисобланган хўжалик жамияти иштирокчилари
ўз вакиллари орқали умумий йиғилишда иштирок этиш учун ишончномани нотариал тартибда тасдиқлаши шарт бўлмайди.
Корпоратив муносабатларни соддалаштириш, муассислар (акциядорлар) ҳуқуқларини кафолатлаш ва юридик шахсларнинг фаолиятини тартибга солишга оид қонунчилик такомиллаштирилади.
• юридик шахслар қайта ташкил этилганда, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, топшириш ҳужжатида бор-йўқлигидан қатъи назар, қайта ташкил қилинган юридик шахсга ўтган ҳисобланади;
• юридик шахсни қайта ташкил этиш суд қарори билан амалга ошмаган деб топилганда, янгидан вужудга келган юридик шахс билан тузилган битимлар ҳақиқий, юридик шахс эса фаолият юритган деб ҳисобланади;
• хўжалик жамиятлари ўзларида сақлаётган ҳужжатлар ва (ёки) уларнинг нусхаларини иштирокчиларнинг (акциядорларнинг) сўровига мувофиқ тақдим қилишлари шарт бўлади;
• иштирокчилар (акциядорлар) умумий йиғилишига битимни йирик битим деб топиш бўйича қўшимча мезонларни белгилаш ҳуқуқи берилади;
• иштирокчилар (акциядорлар) бошқа иштирокчилар (акциядорлар) билан ўз ҳуқуқларини муайян тарзда амалга ошириш ёки улардан воз кечиш ва бошқа ҳаракатларни келишиб амалга ошириш тўғрисида корпоратив шартнома тузишга ҳақли бўлади;
• давлат унитар корхоналарини ва мулкчилик шаклларидан қатъий назар барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан унитар корхоналарни ташкил этишни тақиқланади.
Юридик шахсларга республикада консорциум шартномасига мувофиқ вақтинчалик бирлашмалар тузиш ҳуқуқи берилмоқда. Хусусан:
• консорциум шартномаси фақат тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахслар ўртасида аниқ бир хўжалик вазифаларини бажариш ва иштирокчилар фаолиятини мувофиқлаштириш учун тузилади;
• консорциум шартномаси тузиш ва консорциумга янги иштирокчини қабул қилиш фақат Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳудудий бўлинмаларининг рақобат тўғрисидаги қонунчик талабларига риоя этилиши юзасидан хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади;
• консорциум иштирокчилари унинг фаолияти билан боғлиқ мажбуриятлар бўйича солидар жавобгар бўлиши белгиланмоқда.
Қуйидаги ҳавола орқали лойиҳанинг муҳокамасида иштирок этинг: