Жамоатчилик учун очиқ бўлган Қадимий ёзма манбалар давлат реестри шакллантирилади
“Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–126-сон, 10.02.2022 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, жамоатчилик учун очиқ бўлган Қадимий ёзма манбалар давлат реестри шакллантирилиб, давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондлари фаолиятига интеграция қилинади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Давлат реестрини шакллантириш ва юритиш, шунингдек, қадимий ёзма манбаларни босқичма-босқич рақамлаштириш учун масъул давлат муассасаси ҳисобланади.
Республика ҳудудидаги музейлар, кутубхоналар, архив фондлари ва бошқа муассасаларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг илмий долзарблиги ва муҳимлигига қараб, уларни таржима ва тадқиқ қилиш жадвали ишлаб чиқилади ҳамда халқчил тилда босқичма-босқич нашр этилади.
Қарорга кўра, Марказ ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Қадимий ёзма манбаларни консервация ва реставрация қилиш лабораторияси ташкил этилди ва Лаборатория томонидан ўтказиладиган тадқиқот синовларининг асосий йўналишлари (11 та) тасдиқланди.
Лаборатория музейлар, кутубхоналар ва бошқа муассасаларнинг архив фондларида, жисмоний ва юридик шахсларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларни уларнинг буюртмаси асосида таъмирлаш ишларини амалга оширади.
- Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Қадимий ёзма манбалар консервацияси ва реставрацияси” таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
- Тошкент давлат шарқшунослик университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Бухоро давлат университети ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Матншунослик ва адабий манбашунослик” таълим йўналиши ва мутахассислиги бўйича бакалавриат ва магистратура босқичлари учун зарур квоталар доимий ажратиб борилади.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Матншунослик ва адабий манбашунослик” таълим йўналиши бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Шунингдек, юртимиз алломалари ва мутафаккирларининг ҳаёти ҳамда маънавий мероси ҳақидаги илмий-маърифий портал ва унинг мобиль иловаси ишга туширилади.