January 20, 2022

Маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади

“Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–92-сон, 19.01.2022 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра,ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади.

Ёшлар етакчиси, жумладан, “Ёшлар баланси”ни шакллантириб, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб боради.

Қарорга кўра, ҳар бир маҳаллада “Бир нуронийга ўн нафар ёш”, “Кекса авлод учрашувлари” лойиҳалари амалга оширилади.

Ҳар чоракда маҳаллада ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишда юқори натижадорликка эришаётган мамлакат бўйича энг илғор 100 нафар Етакчилар бир ойлик иш ҳақига тенг миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

Шунингдек, фаолиятини самарали ташкил этаётган, ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлаётган ва уларга етакчилик қилаётган Етакчилар “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.

2022 йил 1 мартдан Етакчининг тавсияси асосида ёшларга тегишли ёрдам турлари (13 та) берилади.

Қарор билан қуйидагилар ташкил этилди:

  • Вазирлар Маҳкамасида Ёшлар ишлари шўъбаси;
  • Ёшлар ишлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва бўлимлари тузилмаларида маҳалла ва таълим муассасаларида ёшлар билан ишлаш бўлинмалари.

Давлат ОТМ ва уларнинг филиалларидаги ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорга (директор ўринбосарига) биринчи проректор (директорнинг биринчи ўринбосари) мақоми берилади.

Етакчи лавозимига номзодлар туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари бошчилигидаги танлов комиссияларини шакллантириш орқали очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинади.

Етакчининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади:

  • хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари (4 млн 110 минг сўм) миқдорида;
  • хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – МҲЭКМнинг 5,5 баравари (4 млн 521 минг сўм) миқдорида;
  • хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – МҲЭКМнинг 6 баравари (4 млн 932 минг сўм) миқдорида.

Бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган Етакчи учун БҲМнинг 2 бараваригача (540 минг сўмгача) миқдорда турар жой ижара тўлови қоплаб берилади.

Шунингдек, йил якуни бўйича юқори натижаларга эришган Етакчиларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида субсидия берилади.

Етакчи лавозимига ишга қабул қилинган шахсларнинг ҳарбий ва махсус унвонлари сақлаб қолинади.