Бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш бўйича Президент Фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди
Фуқароларни қийнаб келаётган ортиқча оворагарчиликлар ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли ва тадбиркорларга енгилликлар яратиш ҳамда бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳада бир қатор муҳим янгилик ва ўзгаришлар назарда тутилмоқда. Хусусан:
биринчидан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб қуйидагилар таклиф этилмоқда:
- фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ҳамда юридик шахсларнинг жойлашган еридан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида кўрикдан ўтиш ва транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш имкониятини республиканинг исталган ҳудудида амалга ошириш (ҳозирда ушбу хизматлар фуқароларнинг доимий яшаш жойида кўрсатилмоқда);
- нотариуслар томонидан фуқаролардан никоҳда туриш-турмаслик, оилавий ҳолати ва ФҲДЁ органи томонидан бериладиган бошқа маълумотларни сўрашни бекор қилиш;
- тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган тўловларини нақд пул шаклида амалга оширишга рухсат бериш (амалда юридик шахслар томонидан давлат хизматлари учун тўловлар фақат пул кўчириш йўли билан амалга оширилади);
- давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартибини бекор қилиш (бунда фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ушбу ҳужжатлар электрон кўринишда ЯИДХП орқали чекланмаган миқдорда бепул олинади).
- иккинчидан, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб, фуқаролардан 12 турдаги маълумотнома (руҳий касалликлар, наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги, судланганлик, фуқаронинг номида шахсий уй-жой борлиги ёки йўқлиги, турар жойнинг майдони, солиқ қарзи бор ёки йўқлиги, пенсия ва нафақа миқдори, никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисида ва б.) 8 турдаги ҳужжатни (шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси, шахснинг фотосурати, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари, кадастр ҳужжатлари, меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари, иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномаси) кабиларини талаб қилишни бекор қилиш таклиф этилмоқда.
(Маълумот учун: Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризация қилиш натижасида биргина фуқаролардан турли хил шаклдаги фотосуратни илова қилиш талаб қилинадиган 124 та ҳужжат аниқланган. Фотосуратлар аксарият ҳолларда ўқишга кириш, ишга жойлашиш ҳамда турли танловарда қатнашиш учун талаб қилинмоқда. 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатда фотосуратларни ички ишлар органлари томонидан сўралиши белгиланган. Ваҳоланки, ИИВ электрон ахборот тизимида сўралаётган фотосуратлар мавжуд.)
Табиийки, ушбу турдаги маълумотномалар ва ҳужжатларни бериш, айниқса, улардан нусха кўчириш фуқаролардан маълум миқдорда харажатларни талаб қилади.
Мисол учун, фуқаро руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотномани олиш учун бугунги кунда фуқаролардан БҲМнинг 2 фоизи (4.460 сўм) миқдорида йиғим ундирилади. Ушбу хизмат бўйича шу йилнинг ўзида 251 933 та ариза келиб тушган ва фуқароларнинг 1 млрд. 200 млн. сўмдан ортиқ маблағлари сарфланишига сабаб бўлган.
Худди шундай, судланганлик ҳақида маълумот, фуқаронинг номида шахсий уй-жойи борлиги ёки йўқлиги тўғрисида маълумотнома, манзил-маълумот тўғрисидаги ахборотни олиш каби жами 6 турдаги маълумотномаларни олиш учун фуқаролар томонидан бир йилда ўртача 27 млрд. сўмга яқин маблағлар сарфланмоқда.
Шунингдек Фармон лойиҳаси билан хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун ариза ва давлат божини қабул қилишни фақат электрон тарзда ЯИДХП (my.gov.uz) орқали амалга ошириш таклиф қилинмоқда. Бунинг натижасида паспорт олиш учун ортиқча навбат ва оворагарчиликларнинг олди олиниб, фуқароларнинг ариза-анкеталарни тўлдиришга сарфланадиган харажатлари тежалади, фуқаролар ички ишлар органига фақат тегишли биометрик ҳолатларни (бармоқ изи ва юз қиёфаси) тасдиқлаш учунгина боради.
Бугунги кунда йилига фуқаролар томонидан солиқ тизимида ҳисобга қўйиш ва уни аниқлаш бўйича 1.5 млн.га яқин, пенсия тизимига ҳисобга қўйиш бўйича 250 мингга яқин мурожаатлар тушмоқда. Шундан келиб чиқиб, лойиҳада 2021 йил 1 апрелдан бошлаб, 16 ёшга тўлган шахсларга ID-карталарни беришда уларни бир вақтнинг ўзида солиқ органларида ҳамда пенсия жамғармасида ҳисобга қўйиш таклиф қилинмоқда.
Шу билан бирга 2021 йил 1 июлдан бошлаб барча фуқаролардан солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ва пенсия жамғармасида ҳисобда турганлик фактини талаб қилиш бекор қилиш ва ушбу маълумотлар ўрнига биометрик паспортдаги жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан (ЖШШИР) фойдаланиш таклиф қилинмоқда. Бу эса ушбу маълумотларни алоҳида-алоҳида юритилмаслигига ҳамда фуқаронинг фақатгина биометрик паспортидаги (ID-картаси) маълумотлари унинг солиқ тўловчи сифатида рўйхатга олиниши ва пенсия жамғармасида ҳисобда туришини тасдиқлайди.
Бундан ташқари лойиҳа билан тасдиқланиши кўзланган Йўл харитаси билан 30 турдаги хизматларни ва тартиботларни қайта кўриб чиқиш орқали соддалаштириш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг шу ва бошқа янгиликлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишиб чиқиш мумкин:
https://regulation.gov.uz/uz/d/25772
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва мониторингини юритиш бошқармаси