Ҳокимликларга ўтаётган ФҲДЁ, “Хавфсиз пойтахт”, бекор қилинаётган “справкалар”, электрон кириш визалари – 2018 йил 1 июлдан нималар ўзгаради?
2018 йил 1 июлдан бир қатор қонун ҳужжатларидаги айрим нормалар кучга киради. Уларнинг айримлари билан қуйида қисқача таништириб ўтамиз.
1. Бугундан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда яшовчи фуқаролар уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми бошқа шахсга ўтказилаётганда (олди-сотди, ҳадя) хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати аъзолари томонидан умумий харажатларни қоплаш учун тўланадиган мажбурий бадаллар, кадастр, солиқ, телефон алоқаси хизмати учун тўловлар бўйича қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни нотариусга тақдим этиши шарт эмас. Тошкентда эса бу нарса 2017 йил 1 июлдан йўлга қўйилган эди.
2. Президентнинг 2018 йил 3 февралдаги Фармонига мувофиқ 2018 йил 1 июлдан бошлаб электрон кириш визаларини бериш тизими ишга туширилиши лозим. Бу вазифа Ташқи ишлар вазирлигига юкланган.
3. Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг, шу жумладан, ногиронларнинг меҳнат терапияси, уларни янги касбларга ўқитиш ва ишга жойлаштириш билан шуғулланадиган даволаш-ишлаб чиқариш корхоналарига 2023 йил 1 январгача тақдим этилган ер солиғи, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва мулк солиғидан, шунингдек, ягона солиқ тўловидан озод қилиниши бўйича имтиёзлар бугундан кучга кирди.
4. Бугундан бошлаб Давлат активларини сотишда ва ижарага беришда электрон савдоларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарорига мувофиқ Тошкент вилоятида жойлашган давлат мулкини «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончаси орқали ижарага олиш мумкин бўлади.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармонга мувофиқ 2018 йил 1 июлдан бошлаб:
товарларни божхона режимларига жойлаштиришда, шунингдек, хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинди;
бир ташки савдо шартномаси (контракти) доирасида айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви даврий декларацияларни тақдим этиш орқали амалга оширилади;
айнан бир хил товарларга бир ташки савдо шартномаси (контракти) доирасида карантин рухсатномалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини, озон емирувчи моддалар ва улардан ташкил топган маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун рухсатномалар, мувофиқлик сертификати, ветеринар, гигиеник ва экологик сертификатлар бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилади;
бож олинмайдиган савдо дўкони, эркин омбор ва божхона омбори фаолиятини лицензиялаш марказлаштирилган тартибда Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати томонидан амалга оширилади;
ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга;
импорт товарлари амалда божхона ҳудудига етиб келишидан олдин, жумладан товарларни бевосита чегара ўтказиш пунктларида эркин муомалага чиқариш орқали инсофли ташки иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантириш мақсадида ушбу товарларни дастлабки декларациялаш амалиёти жорий этилади.
6. Бугундан бошлаб ФҲДЁ органлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимиятлари тасарруфига ўтади.
Бунда уларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, фаолиятини методик таъминлаш, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш, ФҲДЁнинг ҳудудий архивларига раҳбарлик билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги шуғулланади.
7. Диний-маърифий ташкилотларда ишловчи пенсионерларга бугундан бошлаб уларнинг ушбу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда пенсиялари тўлиқ тўланади.
Шунингдек Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ишловчи ўқитувчи, илмий ходим ва мутахассисларга ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 3 баравар (Марказ ходимларига — 4 баравар) миқдорда қўлланилади.
8. Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарорига мувофиқ бугундан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш «E-IJRO AUKSION»да электрон аукцион орқали амалга оширилади.
Шунингдек ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш фақат ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган холда электрон шаклда амалга оширилади.
9. Барча фермер ва деҳқон хўжаликлари бугундан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мажбурий равишда аъзо бўлиши шарт.
10. Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида Фармонга мувофиқ 2018 йил 1 июлдан:
адвокатлар ҳакамлик судьяси сифатида фаолият юритиши мумкин;
адвокатлик лицензиясини олиш учун мажбурий стажировка ўташ муддати олти ойдан уч ойга қисқартирилди;
лицензияни тугатиш учун асос бўладиган адвокат томонидан узрли сабабларсиз ўз касб мажбуриятларини бажармаслик муддати амалдаги уч ойдан олти ойга узайтирилди;
фаолият юритаётган адвокатлар ва янгидан адвокат мақомини олган шахслар ҳар бир танланган мутахассислик бўйича алоҳида лицензия асосида юридик ёрдам кўрсатадилар;
лицензиянинг амал қилишини тугатиш суд томонидан амалга оширилади;
адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонини такроран топшириш муддати бир йилдан олти ойгача қисқартирилди.
11. Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарорига асосан, 2018 йил 1 июлдан бошлаб:
электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни етказиб берувчи тадбиркорлик субъектлари товарларни сотувчилар учун тўловларни қабул қилиши мумкин;
электрон тижорат орқали сотиладиган товарлар (хизматлар) учун уларнинг умумий қийматидан мажбурий 15 фоизли олдиндан тўлов тўлаш талаби бекор қилинди;
электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни сотувчига ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ва бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автомобиль транспортида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб етказиб беришда шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобилда йўловчилар ва юк ташишларни амалга ошириш учун лицензия шарт эмас;
электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилиш, фақат сақлаш ва етказиб беришга рухсат этилди.
12. Тошкент шаҳрида бугундан бошлаб соат 16:00 дан 8:00 га қадар вақт оралиғида ички ишлар органлари, Миллий гвардия саф бўлинмалари жамоат тартибини таъминлаш кучларининг камида 70 фоизи, шунингдек, жамоатчилик вакилларини жалб қилиш орқали куну тун уч сменали патруль режими ташкил этилади.
13. Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормалари бўйича қарор бугундан кучга кирди.