February 6, 2019
“Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон рейтинги яхшиланади
Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш бўйича “Йўл харитаси”;
- 2022 йилга келиб республиканинг 20-ўринга эришишини назарда тутувчи Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси рейтингини яхшилашнинг “Бизнес юритишни яхшилаш – 2022” мақсадли кўрсаткичлари.
2019 йил 1 мартдан:
- тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда банк ҳисоб рақамларини масофадан туриб очиши мумкин;
қурилиш учун рухсатномалар олиш соҳасида:
- ер участкасида қурилиши тақиқланган ёки рухсат этилган объектлар тўлиқ кўрсатиб, “E-IJRO AUKSION”га аукцион орқали қўйилганда, ер участкаларидан мақсадли фойдаланиш тартиби бекор қилинади;
- қурилиш органларига архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш функциялари ўтказилади;
- қурилиши тугалланган бино ва иншоотларни қабул қилиш далолатномаси кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома кўчирмаси билан бир вақтда берилади;
- истеъмолчиларни электр таъминотидан рухсатсиз узганлик учун иқтисодий санкциялар қўлланилади;
мулкни рўйхатдан ўтказиш соҳасида:
- кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастр ҳисобини юритиш учун ариза экстерриториаллик принципи асосида берилиши мумкин;
- нотариал идоралар мажбурий тартибда кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризани ва тегишли ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ахборот-коммуникация тизимлари орқали бепул асосда юборади;
- кадастр ҳужжатларини тайёрлаш учун электрон шаклда мурожаат қилиш ва тайёрлаш механизми жорий этилади;
миноритар акциядорларни ҳимоя қилиш соҳасида:
- акциядорларга йирик битим ва аффилланган шахслар билан қиймати жамият соф активлари миқдорининг 10 ва ундан ортиқ фоизини ташкил қилувчи битим тузиш натижасида жамиятга етказилган зарар учун кузатув кенгашининг манфаатдор аъзосини суд тартибида жавобгарликка тортиш ҳуқуқи берилади;
- акциялар бўйича ҳисобланган дивидендларни Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ёки инвестиция воситачилари орқали тўлаш механизми жорий этилади;
- халқаро савдо соҳасида – товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни бериш Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан бир қаторда Савдо-саноат палатаси томонидан ҳам амалга оширилади;
контрактлар ижросини таъминлаш соҳасида:
- иқтисодий судда низоларни ҳал қилиш усули сифатида судгача мажлис ўтказиш имконини берувчи тартиб жорий этилади;
- судларда тўловларни амалга оширишнинг ягона электрон тизими жорий этилади.
2019 йил 1 мартдан қуйидагилар бекор қилинади:
- давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорларнинг ҳужжатларга муҳр босилишини талаб қилиш;
- қурилиш-монтаж ишларининг бошланиши ҳақида хабардор қилиш механизмини жорий этиш орқали уларни амалга ошириш учун рухсатнома олиш;
- қурилиш соҳасини назорат қилувчи ҳудудий инспекциялар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни бажариш юзасидан шартномалар тузиш тартиблари.
2020 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида шаҳарсозликка оид янги эксперимент тартиби жорий этилади.