Миллий гвардияга контракт асосида хизматга қабул қилиш тартиби белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга номзодларни танлаш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низомга мувофиқ Миллий гвардия бўлинмаларига контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади ва танловда Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (ўтаётган) ва сафарбарлик чақируви резервида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар, олий таълим муассасаларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган шахслар, муқаддам оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибидаги лавозимларда контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган шахслар қатнашиши мумкин.
Танлов якка тартибда суҳбат, ҳарбий-профессионал танлаш, тиббий кўрикдан иборат уч босқичда амалга оширилади.
Низомга мувофиқ, номзод бўйининг баландлиги қуйидаги махсус антропометрик параметрларга жавоб бериши талаб этилади:
Фахрий қоровул бўлинмаларига — 185 сантиметрдан паст бўлмаслиги;
Отлиқ аскарлар эскадронига — 175 сантиметрдан паст бўлмаслиги;
бошқа барча бўлинмаларга — 180 сантиметрдан паст бўлмаслиги лозим.
Шунингдек ҳарбий-профессионал танлаш тадбирлари умумжисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш, индивидуал-психологик ўрганиш босқичларида амалга оширилади.
Умумжисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синовда қониқарсиз деб баҳоланган номзод, умумжисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш машқларини у баҳоланган кундан бошлаб 1 йил давомида 3 маротаба қайта топшириши мумкин, бироқ синов бўлиб ўтган куннинг ўзида қайта топширишга йўл қўйилмайди.
Индивидуал-психологик ўрганиш тест шаклида амалга оширилади.
Тест синовларини 2 ойдан кейин қайта топширишга рухсат берилади. Бунда 1 йил давомида қайта топширишлар сони 2 маротабадан ошмаслиги лозим.