June 13, 2018

Алоҳида тоифадаги тадбиркорлик субъектларига 2018 йил 1 августдан бошлаб имтиёзлар берилибди. Тоифаларга аниқлик киритсангиз?

Аввал хабар берганимиздек Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ қуйидаги шахсларга 2018 йил 1 августдан бошлаб имтиёзлар ва преференциялар берилди:

ногиронлиги бўлган шахслар учун протез-ортопедия буюмлари ва инвентарлар ишлаб чиқариш, уларга ортопедик протезлаш, протез-ортопедия буюмлари ва инвентарларини таъмирлаш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари (йиллик тушумининг 30 фоизини шу хизматлардан келиши керак);

Брайл алифболи китоб ва бошқа босма материаллар, имконияти чекланган болаларга ўқув ва бадиий адабиётларни чоп этиш, ишора тилини қўллаган ҳолда аудио китоб ҳамда видеоматериаллар яратувчи тадбиркорлик субъектлари (йиллик тушумининг 20 фоизини шу хизматлардан келиши керак);

қўл остида ишлаётган ходимларининг (меҳнат шартномаси асосида) камида 30 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар; 16 ёшга тўлмаган болалари ёки ногиронлиги бўлган болалари бўлган ёлғиз она (ота); жазони ижро этувчи муассасалардан озод этилган шахслар; одам савдоси қурбонлари; ўқишни тугатганига 3 йил бўлмаган умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари; “Меҳрибонлик” уйларининг 30 ёшга етмаган битирувчилари ташкил этган тадбиркорлик субъектлари.

Ушбу тоифага қуйидаги имтиёзлар берилди:

давлат мулки объектларини “ноль” қийматда сотиш бўйича ўтказиладиган танлов савдоларида битим тузиш бўйича устуворлик ҳуқуқи;

давлат мулки объекти учун ижара тўловини энг кам ижара тўлови ставкасини 50 фоизи миқдорида тўлаш.